20:00 / 20.08.2020
8309
«Барса» таркибида яна нидерландлар кўпайиши мумкин. Сўнгги трансфер хабарлари

Tribuna.uz куннинг асосий трансфер янгиликларини тақдим этади.

«Барселона»нинг янги бош мураббийи жамоага олиб келадиган рўйхатни нидерландиялик футболчилар билан тўлдирмоқда. «Аякс» яримҳимоячиси Донни ван де Бек ва «Лион» ҳужумчиси Мемфис Депай Каталонияга келиши мумкин. Шунингдек, «Эвертон» ҳимоячиси Майкл Кин ҳам Куманнинг эътиборида турибди. Ушбу футболчи ўз вақтида Англияда Куман қўл остида ҳам тўп сурганди.

Шунингдек, клубнинг янги бош мураббийи «Ливерпуль»нинг нидерландиялик яримҳимоячиси Жоржиньо Вейналдумни Каталонияга таклиф этмоқчи. Ўз навбатида жамоадаги тозалаш доирасида Луис Суарес бошқа чемпионатга йўл олиши мумкин. Унга «Ювентус» ва «Аякс»дан қизиқишлар мавжуд.

«Бёрнли»нинг собиқ яримҳимоячиси Жефф Ҳендрик «Ньюкасл» сафига бориб қўшилади. 28 ёшли ҳавбек яқин вақт ичида тиббий кўрикдан ўтади ва клуб футболчиси сифатида расман таништирилади. Бир ой олдин Жефф «Бёрнли» таркибини эркин агент сифатида тарк этганди. (Манба: Sky Sports)

«Торино» «Милан»нинг чап қанот ҳимоячиси Рикардо Родригесни сотиб олганини расман эълон қилди. Трансфер туринликларга 3 миллион еврога тушди. 27 ёшли футболчи клуб билан 1 йиллик шартномага имзо чекди (Манба: клуб сайти)

«Рома» Алексей Миранчук учун «Аталанта» билан рақобат қилишга тайёр. Римликлар «Локомотив»нинг бергамоликлар билан музокаралари боши берк кўчага кириб қолганидан фойдаланиб қолишмоқчи. Аввалроқ, «темирйўлчилар» ушбу яримҳимоячи учун 15 миллион евро олмоқчи эканликлари ҳақида хабарлар тарқалганди. «Аталанта» эса суммани пасайтириш илинжида. (Манба: РБК-Спорт)

«Манчестер Юнайтед» «Борнмут» вингери Дэвид Бруксни қўлга киритиш имкониятларини қидирмоқда. У Жейдон Санчо трансфери амалга ошмай қолса, захира варианти сифатида кўриляпти. Ушбу уэльслик 23 ёшли футболчи футболчи ўтган мавсумда 9 ўйинда майдонга тушиб, бир гол урган. Қизиғи, «МЮ» сафида худди шу позициясида яна бир уэльслик футболчи – Даниэл Жеймс ҳам тўп суради. (Манба: Sport Witness)

Тьяго Сильва янги мавсумни «Челси» таркибида бошлаши мумкин. Лондонликлар 35 ёшли бразилиялик марказий ҳимоячини эркин агент сифатида ўз сафларига қўшиб олмоқчи. Лекин бу масалага ЕЧЛ финалидан сўнг ойдинлик киритилади. Сильва шу кунларда ўз агентининг ҳам номерини блоклаб қўйганини, бутун диққатини «Бавария»га қарши кечадиган финалга қаратиб, трансфер масаласини кейинги қолдирганини айтган. (Манба: The Telegraph)

«Милан» Серж Орье юзасидан «Тоттенҳэм» билан келишиш ҳаракатларини давом эттирмоқда. Лондонликлар 27 ёшли футболчини 23 миллион фунтдан арзонга бермоқчи эмас, «Милан» эса, ушбу маблағни йиғиш учун бир қатор футболчиларни сотиши керак. Маълум бўлишича, ҳимоячи «Милан»га ўтишга розилик берган. (Манба: Calciomercato)

«Рома» марказий ҳимоячиси Федерико Фасиода кейинги мавсумни давом эттирадиган жамоа борасида икки вариант бор – «Вильярреал» ва «Бенфика». Аргентиналик 33 ёшли футболчининг «Рома» билан шартномаси келаси ёзда ниҳоясига етади, шунинг учун италияликлар уни сотиб юборишга қарши бўлмасликлари эҳтимоли юқори. (Манба: Tuttomercatoweb)

«Ювентус» вингери Федерико Бернардескига «Челси» ва «Атлетико» қизиқиш билдирмоқда. «Ювентус» раҳбарияти асосий таркибга кира олмаётган 26 ёшли футболчини сотиб юборишга қарши эмас. Ўтган мавсумда Федерико 29 ўйинда қатнашди, аммо асосан захира ўриндиғидан майдонга туширилди. (Манба: Calciomercato)

«Наполи» «Легия»нинг чап қанот ҳимоячиси Михал Карбовник трансферини якунлашга яқин турибди. Италияликлар футболчининг трансферини 7 миллион еврога ҳал қилди ва энди кичик деталлар устида иш олиб борилмоқда. Ўтган мавсумда футболчи Польша чемпионатида 28 ўйинда майдонга тушиб, 7 голли пас узатди. (Манба: Weszlo)

«Ювентус» спорт директори Фабио Паратичи «Вулверҳэмптон» билан музокараларни якунлаш учун Англияга учиб кетди. Туринликлар ҳужумчи Раул Хименес трансферини имкон қадар тезроқ ҳал қилиш ниятида. 29 ёшли мексикаликнинг трансфер суммаси 50 миллион евро атрофида баҳоланмоқда. (Манба: Tuttosport)

«Бавария» ва «Милан» сафидаги ўйинлари орқали таниш бўлган яримҳимоячи Хосе Соса фаолиятини «Фенербаҳче» таркибида давом эттиради. 35 ёшли футболчи билан шартнома шартлари келишиб олинди. У ўтган мавсумни ҳам Туркияда, «Трабзонспор» таркибида ўтказиб, кейин эркин агент сифатида клубни тарк этганди. (Манба: Nicolo Schira)

«Манчестер Сити» ва «Зенит» клубларининг собиқ яримҳимоячиси Хави Гарсия Португалиянинг «Боавишта» клуби аъзосига айланди. 33 ёшли футболчи ушбу клуб билан бир йиллик шартномага имзо чекди. Аввалроқ, футболчи «Бетис» сафини эркин агент сифатида тарк этганди. (Манба: клуб сайти)

«Шеффилд Юнайтед» Аарон Рэмсдейлнинг трансферини расман эълон қилди. «Борнмут» дарвозабони учун клуб 20,5 миллион фунт тўлади. 22 ёшли Рэмсдейл ва «Шеффилд» ўртасида 4 йиллик шартнома имзоланди. (Манба: клуб сайти)

Бу янгилик кетидан яна бир қатор трансферларга йўл очади. Маълумки, ўтган мавсумда жамоа дарвозасини қўриқлаган Дин Ҳендерсон мавсумнинг энг яхшиларидан бўлган ва клуб уни яна бир йил ўз сафида олиб қолмоқчи бўлганди. Рэмсдейлнинг келиши, шунингдек, Ҳендерсоннинг жамоа мухлисларига хайрлашув мактубининг ёзиши унинг энди «Шеффилд»да қолмаслигини англатади. Шунингдек, «Манчестер Юнайтед»да икки вариант қолади – ё Ҳендерсон яна ижара шартномаси асосида бошқа клубга ўтади ёки бошқа бир дарвозабон Серхио Ромеро бутунлай Манчестерни тарк этади.

Top