22:41 / 21.08.2020
3180
Безоснинг энг яқин ҳамкори Amazon’дан кетишга қарор қилди

Amazon компаниясида йигирма йилдан ортиқроқ ишлаган Жефф Уилки компанияда иккинчи шахс ҳисобланган.

Жефф Уилки /Фото: Bloomberg

Жефф Безоснинг энг яқин ҳамкорларидан бири, Amazon компаниясида истеъмолчилар бизнесини бошқаришга масъул Жефф Уилки компанияни тарк этишга қарор қилди.  

Маълумотларга кўра, Уилки 2021 йилнинг биринчи чорагида истеъфога чиқади, унинг ўрнини компания катта вице президенти Дейв Кларк эгаллайди.

Reuters агентлигининг ёзишича, илгари Жефф Безосдан кейин компанияни айнан Уилки бошқариши тахмин қилинган. Ўз навбатида, Business Insider Amazon компаниясида йигирма йилдан ортиқроқ ишлаган Уилки компанияда иккинчи шахс ҳисоблангани ва фақат Безосга ҳисобот топширганини ёзмоқда.

«Мен янги иш топганим йўқ ва Amazon билан ҳар доимгидек фахрланаман ва хурсандман. Унда нега кетяпман? Шунчаки вақти келди», — деб ёзган у Amazon ходимларига электрон почта орқали йўллаган мактубида.

Безос эса Уилкини ўз устози деб атади ва биргаликдаги меҳнати учун миннатдорлик билдирди.

Top