20:12 / 29.08.2020
19274
Президент Яшнобод туманида барпо этилаётган уй-жойларни бориб кўрди

Шавкат Мирзиёев хориж тажрибаси асосида қурилган енгил конструкцияли коттежларни ҳам кўздан кечирди. Бу уйлар арзонлиги, ўн кунда битказилиши билан ажралиб туради, буюртма асосида бир неча хил шаклда қуриб берилади.

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Яшнобод туманида барпо этилаётган уй-жойларни бориб кўрди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Хабарда айтилишича, «Ассалом, соҳил» деб номланган 23 гектарлик бу мажмуада 22 та 9-16 қаватли уй қурилмоқда. Уларда 3236 хонадон бўлади.

“Конструкциялар 9 баллдан юқори амплитудадаги сейсмик чидамлиликка эга. Деворлар 3 қопламали бўлиб, хонадонлар қишда илиқ, ёзда салқин бўлишини таъминлайди. Ҳар бир хонадон модуль типидаги алоҳида иситиш қозони билан жиҳозланади.

Уйлар кўчиб келиш учун тайёр ҳолатда топширилади. Харидорлар талаби ва имкониятига қараб, уларда комфорт, бизнес ва эконом классдаги шароитлар яратилади”, дейилади хабарда.

Шунингдек, мажмуа ҳудудида болалар боғчаси ва мактаб, спорт ва ўйин майдончалари, дўконлар, кафелар, савдо маркази барпо қилинади.

Президент мажмуанинг шоурумида бўлди. Уйларга сифатли хизмат кўрсатиш, аҳолининг дам олиши, болалар тарбияси учун шароитларни кенгайтириш бўйича тавсиялар берди.

Шавкат Мирзиёев хориж тажрибаси асосида қурилган енгил конструкцияли коттежларни ҳам кўздан кечирди. Бу уйлар арзонлиги, ўн кунда битказилиши билан ажралиб туради, буюртма асосида бир неча хил шаклда қуриб берилади. Бундай коттежлар, айниқса, тоғли ва чўл ҳудудлари учун жуда мос келади.

Top