21:54 / 09.09.2020
18949
Беларусь: Колесникова ҳокимиятни эгаллашга уринишда айбланмоқда, Алексиевич русларга мурожаат қилди

Чоршанба куни Беларусь куч ишлатар тузилмалари ходимлари мухолифатчиларни қўлга олишни давом эттирди. Мувофиқлаштирувчи кенгаш президиумининг икки аъзоси - Мария Колесникова ва Максим Знак ҳокимиятни эгаллашга уриниш айблови билан ҳибс қилинган. Мухолифатчиларнинг штабида ва квартираларда тинтув ўтказилди.

Мария Колесникова ва Максим Знак Фото: Наталия Федосенко/ТАСС

Душанба куни ғойиб бўлиб қолган Мария Колесникова айни вақтда Минскдаги СИЗО-1 изоляторида экани маълум бўлди. Унинг ҳибсга олинишига прокуратура санкция берган.

Знак чоршанба куни тонгда йўқолиб қолди. Кейинроқ у, Колесникова ҳамда мухолифатчиларнинг яна бир ҳуқуқшуноси Илья Салей ҳокимиятни эгаллашга уриниш айблови билан қўлга олинган.

Беларусь прокуратураси мухолифатчиларнинг Мувофиқлаштирувчи кенгашига қарши шундай иш очган бўлиб, бу иш бўйича президиум аъзолари сўроқ қилинганди, аммо аввалгилар фақат гувоҳ сифатида терговга чақирилганди.

Беларусь Республикаси Тергов қўмитаси мамлакатда вазиятни беқарорлаштиришга оид далиллар борлигини маълум қилган.

Айни вақтда Мувофиқлаштирувчи кенгаш президиумининг очиқда бўлган ва Беларусда қолаётган ягона аъзоси ёзувчи Светлана Алексиевич бўлиб турибди. Адабиёт бўйича Нобел мукофоти соҳиби бўлган ёзувчининг халқ орасида обрўси баланд, у мухолифатчиларнинг маънавий йўлбошчиси саналади, аммо у намойишларни мувофиқлаштириш ҳамда сиёсий фаолият билан шуғулланмаган.

Колесникова душанба куни ғойиб бўлганди, чоршанба куни у қамоқхонада экани маълум бўлди

Қолганлар эса қўлга олинган ёки собиқ маданият вазири Павел Латушко каби мамлакатни тарк этишга мажбур бўлишган .

Чоршанба куни яна нималар бўлди?
Чоршанба тонгида Алексиевич номаълум шахслар эшигини тақиллатишгани, мобил телефонига номаълум рақамлардан қўнғироқлар бўлганидан шикоят қилди.

«Сиз нега жимсиз?», дея рус зиёлиларига юзланди Алексиевич.

Шу куни ёзувчининг уйида у ҳибсга олинмаслиги учун европалик дипломатлар йиғилишди. Швеция ташқи ишлар вазири твиттердаги саҳифасида швед элчиси, германиялик, литвалик, польшалик, словакиялик ва чехиялик элчилар даврасида турган ёзувчи суратини эълон қилди.

Алексиевич видеомурожаат қилиб, Беларусь халқига муҳаббат изҳор қилди ва рус зиёлиларидан кўмак сўради.

«Мувофиқлаштирувчи кенгаш президиумидаги ҳамфикр дўстларимнинг ҳеч бири қолмади. Улар қамоқда ёки чегарадан ташқарига улоқтирилган. Бугун охири Максим Знакни ҳам олишди. Аввалига биздан мамлакатимизни ўғирлашди, энди орамиздаги энг яхшиларни ўғирлашмоқда. Аммо бўшаган ўринларга бошқа юзлаб бошқалар келишади. Бу Муофиқлаштирувчи қўмитанинг исёни эмас. Халқ кўтарилган», - деган Алексиевич. 

Максим Знак президиумнинг Беларусда ва озодликда қолаётган сўнгги аъзоси эди / EPA

Алексиевич мухолифатчиларга қарши илгари сурилган ҳокимиятни эгаллашга уриниш бўйича айбловларни рад этган. У халқ кўчага чиқаётгани, улар ўз ғалабасига ишонишини таъкидлаган.

«Яна бир бор рус зиёлиларига мурожаат қиламан. Нега сиз жим турибсиз? Бизни қўллаб-қувватлаётган овозлар жуда кам. Кичик, лекин мағрур халқнинг оёқости қилинишига нега жим қараб турибсиз?

Биз ҳали ҳам сизнинг биродарларингизмиз», деган Алексиевич.

Президентликка собиқ номзод Виктор Бабариконинг штабида ва бошқа мухолифатчиларнинг уйларида тинтув ўтказилган
VALERY SHARIFULIN\TASS

Колесникова билан нималар бўлди?
Душанба куни йўқолиб қолган президиум аъзоси Мария Колесникова ҳибсга олиниб, айни вақтда Минскдаги қамоқхонада экани маълум бўлди. Бу ҳақда TUT.by нашри унинг отасига асосланиб хабар тарқатди, маълумот Виктор Бабариконинг штаби томонидан тасдиқланди.

Мухолифатчиларнинг сўзларига кўра, ҳукумат уни мамлакатни тарк этишга мажбурлаган, аммо Колесникова бундай бўлмаслиги учун ўз паспортини йиртиб ташлаган.

«Тергов жараёнида «Мувофиқлаштирувчи кенгаш» деб номланган нодавлат ташкилот таркибига кирувчи шахслар томонидан Беларусь Республикаси миллий хавфсизлигига зарар етказувчи, мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва ахборий вазиятни беқарорлаштирувчи ҳаракатлар содир этилганига оид далиллар қўлга киритилди», дейилади Беларусь Республикаси Тергов қўмитаси маълумотида.

«Гумонланувчилар Мария Колесникова ва Максим Знакка прокурор санкцияси билан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Шунингдек, Илья Салей ҳам ушбу жиноятни содир этишда гумонланувчи сифатида ҳибсга олинган», дейилади хабарда.

Салей - Бабариконинг сайловолди штаби юристи ҳисобланарди.

Мавзу
Беларус-2020
2020 йилнинг 9 августида Беларусда президентлик сайловлари ўтказилади. 26 йилдан буён мамлакатни бошқараётган Лукашенко бу сафар ҳам номзодини қўйган.
Барчаси
Top