22:06 / 11.09.2020
5023
«Мажбурий меҳнат Ўзбекистондан мутлақо чиқиб кетиши керак» — Танзила Норбоева

Сенат раиси пахта ҳосилига давлат буюртмаси бекор қилиниб, ҳокимларнинг жараёнга аралашуви тақиқланганини эслаб ўтди.

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева пахта теримида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ҳақида гапирди.

«Ҳамма пахта йиғим-теримига тушяпти. Биз бу масалада катта муваффақиятга эришдик. Ҳамма элчилар, халқаро ташкилотлар томонидан Ўзбекистон эришган муваффақиятга катта баҳо бериляпти.

Бу йил бизни 10-20та эмас, миллионлаб кўзлар назорат қилади. Шунинг учун мажбурий меҳнат мамлакатимиздан мутлақо чиқиб кетиши керак. Мажбурий меҳнат ва одам савдоси қарши кураш бўйича республика комиссияси раиси сифатида илтимос қиламан», – деди Норбоева Сенатнинг 7-ялпи мажлисида.

Сенат раиси ижтимоий ёрдамдан узиб қўйиш орқали теримга мажбурлаш ҳолларига йўл қўймаслик бўйича алоҳида огоҳлантириш берди.

«Ҳозир ишсизлар, «темир дафтар»га кирганлар бор. «Темир дафтар»га кирганларга маҳалланинг пахта теримига чиқмасанг, нафақангни бермайман, деган дағдағаси бўлиши керак эмас. Одамларни қўрқув остида теримга олиб чиқмаслик лозим. Меҳнат муносиб, ихтиёрий ва тўланадиган бўлиши керак.

Бу йил бизни нафақат халқаро ташкилотлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, фаол фуқаролар ҳам назорат қилишади. Шунинг учун мажбурий меҳнат бўйича биронта ҳолатга йўл қўймаслигимиз керак.

Пахта ҳосилига давлат буюртмаси бекор қилинган, ҳокимларнинг жараёнга аралашуви ман қилинган. Ҳаммаси фермерлар, кластерлар томонидан амалга оширилади.

Яна бир марта илтимос қиламан, биронта ҳудудда мажбурий менат бўйича муаммо туғилмасин», – дея Танзила Норбоеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ теримга аскарлар, мактаблар ва тиббий муассасалар жалб қилинмаслиги айтилган эди. Тиббиёт ходимлари ёки педагоглар ўз иш вақтидан кейин, қўшимча даромад топиш учунгина теримга чиқишлари мумкин.

Top