20:36 / 23.09.2020
11421
Time дунёнинг энг нуфузли инсонлари рейтингини тақдим қилди

Time дунёнинг энг нуфузли инсонларининг навбатдаги рейтингини тузди. Рўйхатдан 100 киши жой олган. Эътиборлиси, бу сафар ҳам рейтингга Россия президенти Владимир Путин киритилмаган, бироқ унда Уҳан вирусология институтининг етакчи мутахассисларидан бири  Ши Чжэнли пайдо бўлган. 

Фото: time.com

Рўйхатдан сиёсатчилар, спортчилар, олимлар, шоу-бизнес юлдузлари, ҳуқуқ ҳимоячилари ва бошқалар жой олган. Улар “Титанлар”, “Новаторлар”, “Санъат намояндалари”, “Етакчилар”, “Кумирлар” каби тоифаларга бўлинган. 

“Етакчилар” тоифасига Германия канцлери Ангела Меркель, АҚШ президенти Дональд Трамп ва унинг сайловлар бўйича рақиби Жо Байден, Хитой раиси Си Цзинпин, Бразилия президенти Жаир Болсонару, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди, Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйен, АҚШ вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси, Париж мэри Анн Идальго, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус, АҚШ бош прокурори Уильям Барр, АҚШнинг аллегрик ва юқумли касалликлар миллий институти директори Энтони Фаучи ва бошқалар киритилган.

Time “Титанлар”га Хитойнинг етакчи эпидемиологи Чжун Наньшанни, Google бош директори Сундар Пичаини, дунёнинг энг бадавлат одами Жефф Безоснинг собиқ рафиқаси Маккензи Скоттни, Халқаро валюта жамғармаси раҳбари Кристалина Георгиевани, “Формула-1” автопойгаларининг 6 карра чемпиони Льюис Ҳэмилтонни киритган.

“Новаторлар” тоифасидан NASA астронавтлари Жессика Мейр ва Кристина Кук, Уҳан вирусология институтининг етакчи вирусологларидан бири Ши Чжэнли ва бошқа кишилар жой олган.

“Санъат намояндалари”га “Паразитлар” фильми учун 2020 йилги “Оскар” мукофотининг бош совринини қўлга киритган жанубий кореялик режиссёр Пон Чжун Хо, хонанда Селена Гомез, виолончелчи Йо Йо Ма ва бошқалар киритилган.

“Кумирлар” тоифасида эса ирқчиликка қарши Black Lives Matter ҳаракати асосчилари, ҳуқуқ ҳимоячиси Анжела Дэвис, теннисчи Наоми Осака ва бошқалар тақдим этилган.

Top