22:49 / 26.09.2020
55178
Харьковдаги авиаҳалокатда омон қолган курсант ҳақида маълумот пайдо бўлди. Зеленский уни кўргани борди

Кеча, 25 сентябрь куни содир бўлган Харьковдаги авиаҳалокатда омон қолган курсант ҳақида маълумот пайдо бўлди. 20 ёшли Вячеслав Золочевский самолёт қулаётганда ўзини ерга ташлашга улгурган ва омон қолган. У билан бирга ўзини ташлаган яна бир йигит касалхонада ҳалок бўлган.

Фото: Telegram / Zelenskiy / Officia

Украина президенти Владимир Зеленский фалокатда омон қолган Вячеслав Золочевский ётган ҳарбий касалхонага уни кўргани борди.

«20 ёшли Вячеслав Золочевский бугун ўзининг иккинчи туғилган кунини нишонламоқда десак ҳам бўлади. Вячеслав дўстлари билан бирга учган самолётнинг бўлаклари яқинида ўзига келган. У билан бирга яна бир йигит ўзини ташлаган ва у олов ичида қолганди. Слава (яъни, Вячеслав) уни қутқариш учун жон жаҳди билан ҳаракат қилади ва яна бир курсантга ҳам омон қолиш имконини беради. Афсуски, у ҳалок бўлди.

Бу ўлим билан кураш майдонидаги қаҳрамонлик. Вячеслав, сенга иккинчи имкон бежизга тақдим этилмади. Украина сен билан фахрланади. Ўша даҳшатли тунни ва кўрган-кечирганларингни унутишда сенга куч тилайман. Ҳалок бўлганларни эса асло унутмаймиз», деб ёзди Владимир Зеленский ўзининг телеграм-каналида.

Вячеслав Золочевскийнинг ҳолати ўрта оғир деб баҳоланмоқда. Курсантнинг ҳуши ўзида ва у Зеленский билан гаплашган ҳам. Унинг айтишича, барчаси жуда тез содир бўлган ва нима бўлганини англаш қийин бўлган. Золочевскийга кўра, экипаж ва курсантлар таниш бўлган. Улар бирга парвоз ҳам қилишган.

Воқеа содир бўлган жойга яқин бинолардан бирига ўрнатилган камерада авиаҳалокатнинг қандай содир бўлгани тахминан кўринган. Унда самолёт қўнишни амалга ошираётиб портлаб кетганини кўриш мумкин.

26 сентябрь куни Киев вақти билан соат 20:45 да Украинанинг Харьков вилоятида авиаҳалокат содир бўлди. Харьков – Киев трассасининг 530-километрида Ан-26 ҳарбий транспорт самолёти қулаб тушиб, оқибатда 26 киши ҳалок бўлган. Самолётда 7 нафар экипаж аъзосидан ташқари 20 нафар синов парвозини амалга ошириш учун чиққан Иван Кожедуб номидаги Харьков Ҳаво Кучлари университети курсантлари ҳам бўлган.

Олдинроқ Владимир Зеленский 26 сентябрни Украинада мотам куни деб эълон қилган эди.

Top