11:30 / 19.10.2020
16048
Фақат бир боласи бемор бўлган оналарга ҳавас қиламан...

Кузнинг эзгин кайфияти бу шифохонада йил бўйи давом этади. Пойтахтдаги Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институтида шифо умидида даволанаётган болалар кўзларидаги мунг, ота-оналарнинг ёрдамга чўзилган қўлларга боладек ёпишиши... Кузатувчини беихтиёр ўйга толдиради.

Фотима-Зуҳраларнинг Фотимаси дардга чалинган

Бугунги қаҳрамонларимиздан дастлабкиси 20 ёшли Мақсудова Фотимахон Музаффар қизи Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидан. Биз билан онаси Азиза опа Азизова суҳбатлашди.

– Албатта, ҳар бир она учун фарзанди азиз. Лекин менинг қизларим Фотима-Зуҳра бўлишгани учун Зуҳра қизим эгизак опасига жуда куйикади. Кичик қизим опасисиз ҳаётини тасаввур қила олмайди, ўзи ёш бўлишига қарамай Фотима учун елиб югуради.

Опа-сингиллар суҳбатлашганларидан сўнг кичигим бир чеккага ўтиб йиғлаганларини кўриб чидолмай кетаман. Қизим 9 ойдирки шу дард билан олишади. Саккизта кимётерапия белгиланганди, олтитасини ўтказдик, ёлғиз ўзимман кучим қолмади. Яхши инсонлардан кўмак сўрашга мажбурман, – дейди она ҳам кўз ёш тўкиб.

Фотимахон Мақсудовага оид маълумотлар:

UzCard: 8600 0423 4690 7172 (Агробанк, онаси Азиза Азизова номида)

Visa: 4187 8200 0010 5187 (таниши Дилфуза Очилдиева номида)

Сбербанк: 4817 7601 2791 8153 (таниши Зайнура Ғойибова номида)

Телефон рақами: +998901343175 (онаси)

Муҳаммадазиз сахий инсонларни кутмоқда

Кейинги беморимиз Муҳаммадазиз Дилшодбеков андижонлик. 8 ёшли болакай 2019 йилнинг май ойидан бери оққон касаллиги билан курашмоқда.

– Болам касал бўлгани учун мен ҳам мусофир бўлиб қолдим. Ўғлим шифохона ичида, мен бир неча нафар оталар қаторида ташқарида айланиб юраман. Баъзан совуқда, баъзан жазирама иссиқда қоламан. Лекин бир қадам ҳам узоқлаша олмайман. Бу қандай дард эканки боланг кўз ўнгингда азобланиб турсаю, сен нима қилишни билмасанг, – дейди биз билан суҳбатда Муҳаммадазизнинг отаси Шерзодбек Юсупов.

— Шукрки яхши инсонлар бор, кўмак беришади, атрофда ўзим каби ташвишли оталар бор, далда бўлишади. Лекин бир дард билан йиллаб олишсанг истасанг-истамасанг бор-будингни сарфлаб тугатаркансан. Дорихоналар олдидан ўтишга хижолат бўлиб қолдим. Боламнинг касаллиги қайталаниб қолгандан кейин ёрдам сўрашга мажбур бўлдим, мени ҳам ноумид қилманглар, – деди сўзларини тугатди Шерзодбек.

Муҳаммадазиз Дилшодбековга оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0423 1866 9271 (Агробанк, отаси Шерзодбек Юсупов номида)

Ҳумо: 9860 0301 0177 6539

Visa: 4097 8211 0070 8465 (отаси Шерзодбек Юсупов номида)

Сбербанк: 5469 4000 3937 4272 (тоғаси Азизбек Раҳимов номида)

Пайнет учун: +998990072658

Телефон рақами: +998990072658 (отаси), +998902118183 (онаси)

Битта боласи касал бўлган оналарга ҳавас қиламан...

Мўминхўжа 10 ёшда, Маҳмудхўжа 3 ёшда. Ака-ука Эшоновлар “Гемофилия” касаллигига чалинишган ва мунтазам даволанишга мажбурлар. Онаси Наргиза Эшонова билан суҳбатимиз жуда тушкун кайфиятда ўтди.

– Ўғилларимдан биттасида шу дард бўлса менга бунчалик оғир бўлмасди. Ҳайрон қоларсиз, битта боласи касал бўлган оналарга ҳавас қиламан, нима қилай, вазиятим шунақа менинг.

Икки болам ҳам бир хил дард билан олишади ва ҳар иккиси ҳам мунтазам даволанишга муҳтож. Ўзимизнинг уй-жойимиз ҳам йўқ, ижарада яшаймиз. Жудаям, жудаям қийин вазиятда қолганмиз. Маҳмудхўжа ўғлим 16 октябрь – туғилган кунини ҳам шифохона шифтига тикилиб ўтказди, – дейди йиғлаб онаизор.

Ака-ука Эшоновларга оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0609 9857 4454 (Халқ банки, онаси Наргиза Эшонова номида)

Ҳумо: 9860 0303 7896 5849 (отаси Мансур Эшонов номида)

Сбербанк: 5336690165995525 (таниши Солиҳа Абдусаматова номида)

Visa: 4231 2000 0080 1893 (онаси Наргиза Эшонова номида)

Телефон рақами: +998912050818 (онаси)

Мирзағолиб дард устидан ғолиб бўлади!

Сўнгги бемор болажонимиз Мирзағолиб Саидмуродов Сурхондарё вилояти Олтинсой туманидан келган. 6 ёшли Мирзағолиб 2019 йил сентябрь ойидан буён оққон касаллигига қарши даволанмоқда.

– Боламнинг дарди билан курашиб, турмуш ўртоғим ҳам касалликка чалиниб қолди. Бечора эрим жигари оғришига қарамай кунлик ишга чиқиб дори-дармонга пул топади. Касаллик аниқлангандан буён Тошкент шаҳрида ижарада яшаймиз. Ўзи қишлоқ шароитида оғир аҳволда яшаб келаётган эдик. Бунинг устига бизни бу касаллик ҳам анча қийнаб қўйди. Яхши инсонларнинг кўмаги бизга кўп асқотган, саховатларига ишониб уларга юзланамиз, – дейди Мирзағолибнинг онаси Зуҳра Ҳамавова.

Мирзағолиб Саидмуродовга оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0609 2497 3002 (Халқ банки, онаси Зуҳра Ҳамавова номида)

Visa: 4097 8311 0064 7159 (қариндоши Баҳром Худойберганов номида)

Сбербанк+Viza: 4276 1200 1139 5337 (таниши Аброр Каримов номида)

Телефон рақами: +998996437183

Саховатпеша юртдошлар! Бу мурғак қалбларнинг ҳам ҳаётдан умидлари кўп. Уларнинг ота-оналари ҳам хурсанд яшашга ҳақли. Бизга озгина маблағ ва дуоларимиз улар учун катта далда бўлади. Савоб захира қилишнинг айни вақти!

Аброр Зоҳидов.

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top