08:56 / 08.11.2020
24942
Трамп ўз мағлубиятини тан олиши шарти маълум қилинди 

АҚШ президенти Дональд Трамп президент сайловларидаги овоз бериш билан боғлиқ суд тафтишлари кутилаётган натижани бермаса, сайловлардаги мағлубиятини тан олишга рози бўлади. Бу ҳақда Fox News телеканали манбаларга таяниб хабар берди. 

Фото: AP

Ҳозирда ҳисоб-китоблар Байден ғалаба қозонганини кўрсатаётган бўлса-да, Трамп сайловларда етакчилик қилаётганини таъкидламоқда.

Телеканалнинг хабар беришича, Трамп суд тафтишлари якунларига кўра ғалаба қозонишига имконият йўқлиги аён бўлса, президент курсисини рақибига бўшатиб беришга тайёр. The New York Times нашрининг амалдаги президент ёрдамчиларига таяниб хабар беришича, президент ўз рақиби Жо Байденнинг ғалабасини яқин орада тан олмоқчи эмас.  

АҚШнинг бир қатор етакчи ОАВ прогнозларига кўра, Байден ғалаба учун зарур бўлган овозларни тўплаб бўлди. Бироқ Трамп ғалаба қозонганини ва сайловларда “ёмон ишлар” юз бергани, жумладан овозлар ҳисобланган баъзи жойларга кузатувчилар киритилмаганини таъкидламоқда.

Хусусан, Трамп сайловолди штаби ва Республикачилар партияси миллий қўмитаси Аризона штатидаги Марикопа округи судига сайловлар юзасидан шикоят аризаси топширган. Трамп кампаниясининг бош маслаҳатчиси Мэтт Морганнинг таъкидлашича, округда сайловчилар овозлари нотўғри ҳисобланган.

Аввалроқ Трампнинг шахсий адвокати Руди Жулиани президент жамоаси Байденнинг Пенсильваниядаги ғалабаси бўйича баҳслашмоқчилигини маълум қилганди. “Бизни ушбу бюллетенлар ҳақиқийлигини текшириш ҳуқуқидан маҳрум этишди”, деб айтган Жулиани.

Бу орада кўплаб жаҳон етакчилари, жумладан Европа давлатлари раҳбарлари, Украина, Миср ва Аргентина президентлари Байденга ғалаба қозонгани муносабати билан табрикномалар йўллашган.  

Мавзу
АҚШ-2020
2020 йилнинг 3 ноябрида АҚШда президентлик сайловлари бўлиб ўтади. 3 февраль куни демократлар қароргоҳида бирламчи сайловлар - кокуслар ва праймеризлар бошланган.
Барчаси
Top