09:28 / 11.11.2020
9219
Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича президент қарори имзоланди

Аҳолининг соғлом овқатланиши ва жисмоний фаоллигини таъминлашда давлат сиёсатини янада мустаҳкамлаш мақсад қилинган.

Фото: Getty Images

Президент “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА’да эълон қилинди.

Аҳоли саломатлигини таъминлаш бўйича шундай тартиб ўрнатиладики, унга кўра:

а) 2021 йил 1 июндан бошлаб:

6-23 ойлик болалар учун уй шароитида тайёрланган овқатларни бойитиш мақсадида микронутриент кукуни билан;

6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болалар “A” витамини билан;

2-10 ёшдаги болалар гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар билан бепул таъминланади;

б) 2022 йил 1 июлдан бошлаб:

ҳомиладор ва бола эмизувчи аёллар ҳамда 3-15 ёшдаги болалар йод препарати билан;

35 ёшгача туғиш ёшидаги аёллар темир ва фолий кислотаси препарати билан бепул таъминланади;

в) 2021 йил 1 апрелдан бошлаб биринчи нав буғдой уни билан бир қаторда олий нав буғдой уни микронутриентлар билан бойитилган тақдирда республика ҳудудида реализация қилишга рухсат этилади.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан аҳолини соғлом турмуш тарзига ундовчи “Соғлом турмуш тарзи” платформаси ишлаб чиқилмоқда.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мазкур платформани ишлаб чиқишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда унда, жумладан, инсоннинг тана вазни индексини ҳисоблаш, унинг ҳаёт тарзини ҳисобга олган ҳолда кунлик овқатланиш меъёрини тавсия этиш ҳамда истеъмол қилинаётган таом, озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликларнинг калориясини ҳисоблаш имконини берувчи тўғри овқатланиш бўлимини яратади.

Болаларнинг 5 ёшгача бўлган даврда оптимал ривожланиши ва ўсишини таъминлаш мақсадида қуйидагиларни назарда тутувчи патронажнинг универсал-прогрессив модели 2022 йил 1 январга қадар босқичма-босқич жорий этилади:

ҳомиладор ва туғруқдан кейинги даврдаги аёллар ҳамда 5 ёшгача болалари мавжуд оилалар учун амалдаги штатлар доирасида алоҳида патронаж ҳамширасини бириктириш;

ушбу патронаж ҳамшираси томонидан умумий ҳолати қониқарли ва хавф гуруҳидаги аҳолини аниқлаш ҳамда улар соғлиғининг умумий ҳолатини дифференциаллашган ёндашув асосида кузатиб бориш;

умумий ҳолати қониқарли бўлган барча ҳомиладор ва туғруқдан кейинги даврдаги аёллар ҳамда 5 ёшгача болалари мавжуд оилаларни ягона меъёр асосида бевосита кузатиш;

руҳий тушкунлик ҳолати, боланинг тўғри овқатланиши ва ривожланиши учун соғлом муҳитни таъминлашда қийинчиликлари мавжуд хавф гуруҳидаги ҳомиладор ва туғруқдан кейинги даврдаги аёллар ҳамда 5 ёшгача болалари бўлган оилаларнинг ҳар бирига индивидуал режа асосида кенгайтирилган ёрдам кўрсатиш.

Top