22:38 / 11.11.2020
10066
«Рақобат муҳити бузилган» – Самарқанд монополияга қарши кураш бошқармаси шаҳар ҳокимининг қарорини бекор қилди

Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2020 йил 18 июндаги 99-Ф-сонли фармойишига кўра, шаҳардаги бир қатор кўчаларга 1х2 ўлчамли LED мониторлари ўрнатилиши белгиланган.

Фото: KUN.UZ

Мазкур ҳужжатнинг рақобат муҳитига таъсири вилоят Монополияга қарши курашиш ҳудудий бошқармаси томонидан ўрганилганда, «Рақобат тўғрисида»ги қонунининг 12-моддаси (3 ва 8-хат бошлари) талаблари бузилгани аниқланиб, бу бўйича иш қўзғатилган.

Шунингдек, бошқарма томонидан ўрганиш жараёнида мазкур мониторларни ўрнатиш ишлари аниқ битта тадбиркорлик субъектига (МЧЖга) юклатилгани қайд этилган, деб хабар бермоқда Монополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот хизмати.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги «Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида»ги 104-сонли қарорига асосан ташқи реклама объектларини ер участкаларида, шунингдек, давлат мулки бўлган бино ва иншоотларда жойлаштириш ҳуқуқини бериш «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончасида очиқ электрон аукцион орқали амалга оширилиши белгиланган.

Юқоридаги омиллар инобатга олиниб, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги қабул қилган 2020 йил 18 июндаги 99-Ф-сонли фармойиш «Рақобат тўғрисида»ги қонунининг 12-моддаси талабларига зид бўлгани сабаб ҳудудий бошқарма томонидан ҳокимликка нисбатан иш қўзғатилиб, унинг кўрсатмасига асосан мазкур фармойиш ўз кучини йўқотган деб топилди.

Натижада, Самарқанд шаҳрида ташқи реклама объектларини ўрнатиш бўйича барча тадбиркорлик субъектларига тенг шароит яратилди.

Top