09:01 / 19.11.2020
1566
Apple эски айфонларнинг секинлашиши иши доирасида яна 113 миллион доллар тўлайди

Apple компанияси эски айфонлар ишлаши секинлашиши бўйича АҚШнинг 33та штати судга берган жамоавий шикоят аризасини ҳал қилиш учун 113 млн доллар компенсация тўлайди. Бу ҳақда Аризона штати маъмурияти вакилига таяниб Reuters ахборот агентлиги хабар берди. 

Apple даъвони ҳал қилиш доирасида Аризона штатига 5 млн доллар, Калифорнияга 24,6 млн доллар ва Техасга 7,6 млн доллар тўлайди. Бундан ташқари, компания 3 йил давомида iPhone’лар аккумуляторларидаги энергияни бошқариши ҳақида ўз сайтида, телефоннинг операцион тизими янгиланиши ҳақидаги огоҳлантиришларда ишончли ахборотни тақдим қилишга рози бўлган. 

Apple’га нисбатан эски айфонлар аккумуляторларидаги муаммо бўйича биринчи айбловлар 2017 йилда билдирилган. 2018 йилда ушбу иш бўйича тергов бошланган. Кейинроқ Apple’га қарши 33 штатдан судга шикоят аризаси тушган. Уларда компаниянинг эски моделдаги смартфонлари “кутилмаганда ўчиб қолиши” ва уларнинг ишлаш тезлиги пасайиши таъкидланган.

Ўшанда компания эски моделларини уларда ўрнатилган литий-ион аккумуляторлар вақти келиб ўз қувватини йўқотиши ва уларнинг энергияси смартфонни, мисол учун, совуқ ҳавода ишлатиш вақтида етмаслиги мумкинлиги сабабли секинлаштиришини тан олган. Apple ўз смартфонларининг тўсатдан ўчиб қолиши олдини олиш учун iOS операцион тизимига ресурслар етмаганда муайян операциялар бажарилишини секинлаштирувчи ўзгартиришлар киритган. Бу эса фойдаланувчилар танқидига сабаб бўлган. Уларнинг фикрича, компания истеъмолчиларни янги моделлар сотиб олишга мажбурлаш мақсадида эски телефонларини атайлаб секинлаштирган. Аввалроқ компания бу борадаги даво аризасини ҳал қилиш мақсадида 500 млн доллар тўлаб беришга рози бўлганди.

Top