18:51 / 23.11.2020
16336
Қибрайда икки киши ўлимига олиб келган газ портлаши сабаби маълум қилинди

Ўзбекистон Республикаси бош прокуратураси Қибрайдаги хонадонлардан бирида икки киши ўлими билан якунланган газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши ҳолатини ўрганиш натижалари юзасидан маълумот берди.

«Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилояти прокуратураси ўтказган терговга қадар текширишда газ чақнаши юз берган уй ёнида ўрнатилган юқори босимли газ тақсимлаш мосламаси (ГТМ)га уланган ва ер остидан ўтказилган полиэтилен газ қувурининг монтаж ишлари ўта сифатсиз амалга оширилгани аниқланган.

Бунинг оқибатида уйга яқин оралиқдаги ер остидаги полиэтилен газ қувурининг уланиш қисмида ёриқ юзага келиб, ундан табиий газ сизиб чиқиб, хонадон ертўласида тўпланган ва ўз навбатида газ чақнаши содир бўлган», дейилади бош прокуратура матбуот хизмати хабарида. 

Мазкур ҳолат юзасидан 2020 йил 23 ноябр куни Тошкент вилояти прокуратураси томонидан ЖКнинг 258-моддаси (Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

22 ноябр куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Қибрайда газ портлаши оқибатида икки киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берганди. 

Top