10:52 / 25.11.2020
9842
Давлат харидлари портали орқали амалга оширилган энг йирик шартномалар эълон қилинди. «Ўзавтомоторс» харидлари ҳам рўйхатда қайд этилган

Молия вазирлиги жорий йилнинг 10 ойи якунига кўра давлат харидлари портали орқали амалга оширилган энг йирик қийматдаги шартномаларни ошкор этди.

Молия вазирлиги департаменти директори ўринбосари Сарвар Назаров 2020 йилнинг ноябр ойи ҳолатига мувофиқ, давлат харидлари портали орқали амалга оширилган энг йирик шартномалар ҳақида маълумот берди.

«Тошкент вилояти Зангиота туманида махсус тиббиёт муассасаси қурилиши учун 200,5 миллиард сўмга «Ўзтемирйўлқурилишмонтаж» билан тўғридан тўғри шартнома тузилган. Шунингдек, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги давлат унитар корхонаси томонидан Самарқанд вилоятидаги қозонхона таъмирлаш ва модернизация қилиш учун республика бюджетидан 65,4 миллиард сўмлик «Элит Гранд» хусусий корхонаси билан тендер савдолари орқали шартнома тузилган. Бундан ташқари, корпоратив буюртмачилар томонидан, «Ўзавтомоторс» АЖ транспорт воситалари учун эҳтиёт қисмлари бўйича жами 200 миллион долларга «GM Overseas distribution» билан ягона етказиб берувчи сифатида шартнома тузилган», — деди у.

Маълумот учун, жорий йилда давлат харидлар портали орқали 46 минг 575та битим имзолангани маълум қилинган. Хусусан, битимлар суммаси 735 миллиард 595 миллион 918 минг 749 сўмни ташкил этган.

Айни пайтда янги таҳрирдаги «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлари томонидан ўрганилмоқда.

Қайд этилишича, лойиҳада давлат харидлари соҳасида коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш, хусусан, давлат харидларининг очиқ ва шаффоф ҳамда самарали тизимини яратиш орқали коррупциянинг олдини олиш кўзда тутилган.

Шунингдек, лойиҳада коррупцион омиллар, ҳуқуқни тартибга солишдаги бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида «бенефициар», «давлат харидларининг ижрочиси», «дастлабки малака танлови», «захира ғолиби», «ихтисослашган ташкилот», «манфаатлар тўқнашуви», «харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчисининг аффилланган шахси» каби тушунчаларга таърифлар берилди ва мазмунан кенгайтирилди.

Бундан ташқари, давлат харидлари жараёнида коррупциянинг олдини олишга қаратилган чекловлар, яъни иштирокчиларнинг яқин қариндошлари ижрочини танлаш бўйича қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган тақдирда иштирокчининг давлат харидларида иштирок этишига йўл қўйилмаслиги акс эттирилган. Давлат харидлари ўтказилиши тўғрисидаги эълон матнига иштирокчилар ўртасида рақобатни чеклайдиган талабларни киритишга тақиқ қўйилган.

Top