23:06 / 27.11.2020
1894
ДХА аҳолига хизмат кўрсатиш тартибини бузиш учун жавобгарлик муқаррарлиги ҳақида огоҳлантирди

Давлат хизматлари агентлиги ҳисоблагичларни қайта қиёслаш кўригидан ўтказиш мақсадида фуқаролардан қонунга зид тарзда тўловларни ундириш билан боғлиқ ҳолатларга дуч келинаётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга муносабат билдирди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

«Авваллари, ҳисоблагични ечиш учун таъминотчи ташкилотга (“РЭС”, “райгаз” “сувсоз”) ариза топшириш керак эди. Сўнг, қиёслашдан ўтказиш учун қурилмани “Ўзстандарт” агентлигига олиб бориши керак эди. У ерда аризачидан турли миқдордаги маблағ йиғиб олинар эди. Бундан ташқари, қиёслаш нархини белгилашда шаффофлик ва ошкоралик мавжуд эмасди. Қиёслаш ўтказилгандан сўнг аризачи мустақил равишда қурилмани олиб, кейин масъул ташкилотга ҳисоблагич ўрнатиш учун ариза топширар эди.

Сир эмас, кўпчилик ортиқча оворагарчиликни олдини олиш учун масъул ходимлар билан муайян маблағ эвазига «келишар» эди. Юқорида кўрсатилган барча тадбирларни эса ташкилот ходими ўзи амалга оширган.

2019 йил 1 ноябридан бошлаб, коммунал хизматлари “счетчикларини” қиёслаш учун аризалар Давлат хизматлари марказлари ёки электрон тарзда my.gov.uz портали орқали қабул қилинмоқда. Бундан кўзда тутилган асосий мақсад — аввалги тартибда мавжуд бўлган коррупцион ҳолатларга чек қўйиш, мазкур хизматларни кўрсатиш учун аниқ муддатлар ва тартибни белгилаш. Бу билан фуқароларга қулайлик яратиш эди, аслида», дейилади агентлик ахборот хизмати томонидан эълон қилинган муносабатда.

Қайд этилишича, ДХАнинг масъул ходимлари томонидан Facebook’да эълон қилинган мурожаат ўрганилган ва қонун бузилишига йўл қўйган айбдор ходимга тегишли чора кўрилган.

Эслатиб ўтамиз, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 215.5-моддасига асосан:

– давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонун ҳужжатларининг арз қилувчидан мурожаатни қабул қилишни рад этганликда;

– давлат хизматлари кўрсатиш чоғида мурожаатларни кўриб чиқиш тартибини ва муддатларини бузганликда;

– арз қилувчидан қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилиб олганликда;

– давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги ваколатли давлат органининг қонуний талабини (топшириғини) бажармаганликда ифодаланган тарзда бузилиши

Давлат хизматлари агентлиги органлари томонидан қуйидаги турдаги маъмурий жазо чораларини қўллашга асос бўлади:

– мансабдор шахсларга ва хизматчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, мансабдор шахсларга ва хизматчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Top