22:31 / 27.11.2020
1731
IT Park раҳбари олийгоҳлар талабалари учун янги дастур йўлга қўйилишини маълум қилди

Қайд этилишича, ушбу ташаббус мавжуд муаммоларни амалда ечиш имконини берувчи актуал стартапларни яратиш имконини беради.

Фото: Mirzo Ulugbek Innovation Center

IT Park раҳбари Фарҳод Ибрагимов Facebook саҳифасида турли олийгоҳ талабаларининг нетворкинги йўлга қўйилишини маълум қилди.

 “Агар сиз IT Park янгиликларни кузатиб борсангиз, биз талабалар билан янада интенсив ишлашга қарор қилганимиздан хабарингиз бўлса керак. IT Parkʼнинг университетлар билан ҳамкорлиги туфайли ўқув муассасаларида талабаларга ўз ғояларини ҳақиқий бизнес лойиҳаларга айлантириш имконини берувчи инкубация марказлари очилмоқда”, дейилади унда.

 Ибрагимовнинг фикрича, йирик IT компанияга асос солиш учун талабалик даврлариданоқ стартап яратишни бошлаш керак бўлади.  

 “Шунингдек, ITʼга ихтисослашмаган ОТМларнинг талабалари билан гаплашиб, улар ўз йўналишларини “айтичи” талабалардан кўра яхшироқ уддалашларини ва турли муаммоларга кўплаб ечимлар таклиф қила олишларини тушуниб етдик. Лекин улар шунчаки у ёки бу ечимни қандай қилиб амалга оширишни билмайди.

Шу туфайли биз инновацион технологик ечимларни яратиш мақсадида турли олийгоҳ талабаларининг нетворкингини йўлга қўймоқчимиз. Бу мавжуд муаммоларни амалда ечиш имконини берувчи актуал стартапларни яратиш имконини беради.

Биз аллақачон Тошкентдаги Турин политехника университети, Плеханов номидаги РИУнинг Тошкентдаги филиали, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкентдаги ИНҲА университети ва Тошкентдаги Амити университети сингари олийгоҳларда инкубацион марказлар очишга улгурдик. Ушбу олийгоҳлардаги инкубацион марказлар аллақачон стартап лойиҳалардан уларнинг бўлғуси ривожи учун аризалар қабул қилмоқда.

Яқин келажакда биз ҳар бир талаба ўз ғоясини амалиётга татбиқ этиш имконига эга бўлиши учун бу турдаги стартап платформаларни мамлакатимизнинг ҳар бир университетида очишни умид қилганмиз», деб ёзади IT Park раҳбари.

Top