00:11 / 28.11.2020
47958
Лукашенко президент лавозимидан қачон кетишини айтди

Беларус президенти Александр Лукашенко республикада янги конституция қабул қилингандан кейин президент лавозимини эгалламаслигини маълум қилди. Шу билан бирга, у конституция бўйича овоз беришда сохталаштиришларга йўл қўймасликка ваъда берди.

Фото: Getty Images

Беларуснинг янги конституцияси қачон қабул қилиниши ҳозирча номаълум.

“Мен ҳеч қандай конституцияни ўзимга тўғирламаяпман. Янги конституция қабул қилинганда мен бошқа президент бўлиб ишламайман. Шу сабабли тинчланинг. Мен янги конституция қабул қилиниши вақтида кимдир муғомбирлик қилишига ёки кейин янги конституция бўйича ўтказиладиган сайловларни кимдир сохталаштиришига йўл қўймайман. Ҳаттоки бу мен кутган нарса бўлмаслигини билсам ҳам. Нега? Чунки Беларус халқи ўтиши керак бўлган нарсадан ўтиши лозим. Яхшиси буни ҳозир, урушсиз қилган маъқул. Бизга бу урушни суқиштиришса унда ёмон бўлади”, деб айтган Лукашенко шифохоналардан бири жамоаси билан учрашувда.

Сентябрда Лукашенко мамлакатда муддатдан аввал президент сайловлари ўтказилиши мумкинлигини айтган. У сайловлар ўтказилиши муддатларини маълум қилмаган. Беларус раҳбари таъкидлаганидек, бунинг учун аввал янги конституция қабул қилиниши ва маҳаллий ҳокимият идораларига сайловлар ўтказилиши керак. 16 ноябрда эса Лукашенко ўз ваколатларининг 80 фоизгачаси билан бўлишишни режалаштираётганини айтган.  

Беларусда 9 августда ўтган президент сайловларида Лукашенко ғалаба қозонгандан кейин оммавий норозиликлар бошланганди ва улар ҳанузгача давом этмоқда. Мухолифатнинг таъкидлашича, сайловларда Светлана Тихановская ғалаба қозонган.

Top