21:17 / 28.11.2020
4277
Ўзбекистонда мини футбол майдони, спорт заллари ва инвентарларига 15 фоизлик чегирмалар жорий этилиши мумкин

Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосари Авазжон Каримов Kun.uz мухбирига берган интервюсида маълум қилди.

Вазир ўринбосарининг айтишича, бундай чегирмалар суткада ўн минг қадам юрганлик учун тўланадиган пуллар ҳисобидан амалга оширилади.

«Ҳозирда аҳолини спортга жалб қилиш бўйича «Соғлом турмуш тарзи» платформасини ишлаб чиқмоқдамиз. Бунда бир суткада 10 минг қадам юрган фуқаро ҳамёнига 3000 сўм ўтказиб бериш тизими бўлади. Айни пайтда техник вазифалар бажарилмоқда.

Мазкур платформада фаол бўлган фуқароларга спорт залларида шуғулланиш учун чегирмалар ҳам ташкил қилинади. Платформада йиғилган пулларни спорт залида шуғулланиш учун ўтказиш имконияти яратилади. Шунингдек, мини футбол майдончаларининг маълум қисмини тадбиркорлар қуради. Биз улар билан ўша заллардан соат 16гача халқ фойдаланиши бўйича келишмоқдамиз. Ундан кейинги соатларда тадбиркор пуллик тижоратини қилиши мумкин. Битта футбол эмас, барча спорт турларига шундай имконият яратилади. Бу тизим жаҳон тажрибасида кенг қўлланилмаган. Буни ўзбек модели деса ҳам бўлади.

10 минг қадам юрса, нафақат 3000 сўм тушади, балки инсон соғлиғи ҳам мустаҳкамланади.

Спорт залларига бориш ва спорт инвентарлари сотиб олиш учун 15 фоиз чегирма берилади. Тошкент шаҳри ва вилоятларда ҳам жуда катта хусусий заллар бор. Ҳозирда фитнес залларининг раҳбарлари билан келишмоқдамиз. Аёллар ва эркаклар алоҳида кунларда спорт билан шуғулланишлари учун шароитлар яратилади», деди вазир ўринбосари ОАВ ходимлари учун ташкил этилган «Дўстлик спартакиадаси» спорт мусобақаси олдидан.

Аввалроқ, бир суткада 10 минг қадам юрган фуқароларга пул тўланиши ва бундай платформа 2021 йил 1 мартга қадар ишлаб чиқилиши маълум қилинганди.

Top