17:26 / 03.12.2020
1578
«Ногиронлиги бўлган инсонлар таълимда ҳам, касбда ҳам тенг имкониятга эга бўлиши керак» — ўзбекистонлик фаоллар

Бугун, 3 декабр – Ногиронлиги бўлган инсонлар халқаро куни. Бу санада жаҳон миқёсида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашга оид долзарб масалалар кўтарилади.

Ўзбекистонда ҳам ушбу тоифа инсонларга кўмак беришни тарғиб этувчи ва буни ўзлари бевосита амалда ҳам кўрсатувчи фаоллар талайгина. ЮНИСЕФ уларнинг қарашлари, ташвишлари ва орзулари ҳақида ҳикоя қилади.

Нодира Тиллаева – “Инклюзив” нодавлат ташкилотининг директори. Уни ўзига ва атрофидаги меҳрибон одамларга бўлган ишонч олға бошлайди. Унинг асосий ғояси аниқ:

“Ногиронлиги бўлган инсонлар таълим ва касбий фаолиятда муваффақиятга эришиш учун тенг имкониятларга эга бўлишлари керак”.

Ногиронлиги бўлган инсонлар таълимдан четда қолиб, маълумотга эга бўлмаслиги Нодирани ташвишга солади. Уларнинг кўпчилиги ўрта мактабнинг фақатгина 4-синф маълумотига эга.

Нодира ўз жамоаси билан биргаликда ногиронлиги бўлан инсонлар учун махсус қўшимча дарслар ва курслар яратиш устида ишламоқда. Бу билан уларга жамиятнинг муносиб аъзолари бўлишга ва тўлақонли ҳаёт кечиришларига ёрдам бериш мумкин, деб ишонади Нодира.

Алим Гайназаров яқинда амалга оширган ғояси билан кўпчиликнинг олқишига сазовор бўлди – у COVID-19 пандемияси давридаги изоляция вақтида ногиронлиги бўлган инсонлар учун гуманитар ёрдамни ташкил қилди.

Қариндошларининг вирусни юқтириш эҳтимоли борлигидан қўрқишларига қарамай, у маҳаллий ҳокимият рухсати билан мустақил равишда уларнинг уйларига ўзи гуманитар ёрдам етказиб бера бошлади.

Алим болалигидан спортни яхши кўради. Бўш вақтида спорт залида машқ қилади. У турли шаҳарларни ва мамлакатларни кўришни орзу қилади. Алим таслим бўлмайдиган инсон. “Ютуққа эришгач, ҳеч қачон тўхтаманг!” шиорига амал қилади.

Гўзал Шодиева имо-ишора тилини фаол равишда тарғиб қилмоқда. Пандемия пайтида у ўқитувчилар учун онлайн равишда дарслар ўтказди.

“Мактаб-интернатлардаги ўқитувчилар бундай кўникмаларга эга бўлишлари, ҳеч бўлмаганда артикуляция муҳим бўлган фанлар бўйича дарсларда ушбу кўникмаларни ишлата билишлари муҳимдир”, – дейди у.

Гўзал ногиронларнинг таълим олиш ҳуқуқини илгари суради. “Кўзи ожиз ва эшитмайдиган ёшлар келажакда касб-ҳунар эгаллаб, иш жойига эга бўлишлари учун бундай ёшлар билим олишлари муҳим”, – дейди у.

Мутахассис Ўзбекистон карлар жамияти марказий кенгаши президиуми раиси сифатида ногиронлар ҳаётини яхши томонга ўзгартириш борасида фаолият олиб бормоқда.

Top