16:04 / 06.12.2020
6403
Трамп Оқ уйга қайтиш учун 2024 йилги сайловларни кутиш ниятида эмаслигини айтди

АҚШ президенти Дональд Трамп Жоржия штатида тарафдорлари билан учрашувда Оқ уйга қайтиш учун 2024 йилги президент сайловларини кутиб ўтириш ниятида эмаслигини айтди. У учрашув трансляциясини Twitter’да жойлаштирган. 

Фото: TASS/Zuma

Ижтимоий тармоқ Трампнинг ушбу постини “Сайловлар сохталаштирилгани ҳақидаги ушбу баёнот баҳсли” деб белгилаган.

“Биз Оқ уйга қайтмоқчимиз, биз уни яна қўлга киритамиз. Биз, шунингдек, вакиллар палатасидаги назоратни ўзимизга қайтармоқчимиз. Умид қиламанки, 2024 йилда номзод бўлишимга ҳожат бўлмайди. Биз Оқ уйни яна ютмоқчимиз”, деб ёзган Трамп. 

АҚШнинг амалдаги президенти унга кейинги сайловларгача кутишга ва яна бир бор президентликка номзод бўлишга тўғри келмаслигига ишончи комиллигини айтган. “Мен 2024 йилни кутмоқчи эмасман. Мен 3 ҳафта ортга қайтмоқчиман”, деб ўз сўзларини якунлаган Трамп.    

Аввалроқ Трамп Жоржия маъмуриятидан президент сайловлари натижаларини қайта қўриб чиқишда ёрдам беришни сўраган. Президентнинг фикрича, агар Жоржияда почта орқали юборилган бюллетенлардаги сайловчиларнинг имзолари ҳақиқийлиги текширилса, унда у бу штатда осонгина ғалаба қозонади.

2 декабрда CNN нашри манбалари Трамп жорий сайловларда мағлубиятини тан олишига тўғри келса, 2024 йилги сайловларга номзодини қўймоқчилигини маълум қилган. Оқ уй матбуот котиби Кейли Макинэни бу маълумотни тасдиқламаган, бироқ инкор ҳам этмаган.

 

Top