14:20 / 07.12.2020
3099
II Тошкент Халқаро марафони якуни: икки нафар ҳамюртимиз Олимпия ўйинлари талабини бажарди

6 декабр куни пойтахтимизда II Тошкент Халқаро марафони ўтказилди. Гарчи ҳаво совуқ бўлишига қарамай, “Humo Arena” муз саройи олдидаги майдон ҳақиқий спорт мухлислари билан ҳар қачонгидан гавжум бўлди.

Аслида мазкур марафон шу йил 22 март куни ўтказилиши режалаштирилган эди. Бироқ, коронавирус пандемияси сабабли мусобақа кечиктирилди ва 6 декабрда ўтказишга қарор қилинди.

II Тошкент Халқаро марафонининг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби, Ўзбекистон триатлон федерацияси раиси Виктор Маҳмудов ҳамда Бош вазирнинг ўринбосари Азиз Абдуҳакимовлар иштирок этди ва мусобақа иштирокчиларига омад тилади.

Иккинчи бор ташкил этилган Тошкент Халқаро марафонида 400 нафарга яқин иштирокчи марафон ва ярим марафон йўналишларида баҳсларга киришди. Шундан қарийб 300 нафари ярим марафонда ўз омадини синаб кўришган бўлса, қолганлар тўлиқ марафонда Токио олимпиадаси йўлланмалари учун стартга чиқишди.

Бу йилги марафон ва ярим марафон трассаси AIMS Халқаро марафон ва югуриш ассоциацияси томонидан сертификатланган. AIMS – World Athletics Халқаро енгил атлетика федерациялари уюшмасининг аъзоси ҳисобланади.

Қувонарлиси, ушбу мусобақа якунида бир йўла икки нафар ҳамюртимиз Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинлари талабини бажаришга муваффақ бўлди.

Аслида мутахассислар ушбу марафонда қатнашган яна бир спортчимиз Ситора Ҳамидовага ҳам катта умид боғлашган эди, аммо ундан бу сафар омад очиқчасига юз ўгирди. Акс ҳолда Олимпия ўйинлари талабини бажарган спортчиларимиз сафи янада кенгайиши мумкин эди. Шундай бўлсада, қайд этилган натижадан кенг спорт жамоатчилигининг кўнгли тўлди, дейиш мумкин.

II Тошкент Халқаро марафони ғолиб ва совриндорлари:

Ярим марафон (21 км 97,5 м)

Эркаклар:

1. Евгений Фадеев (Сурхондарё) – 1:06.01
2. Отабек Тошқувватов (Самарқанд) – 1:06.23
3. Ҳасан Акбаралиев (Фарғона) – 1:07.14

Аёллар:

1. Азизахон Мирзаакбарова (Андижон) – 1:15.01
2. Сабина Талачёва (Наманган) – 1:20.32
3. Вероника Гришина (Сурхондарё) – 1:21.32

Марафон (42 км 195 м)

Эркаклар:

1. Андрей Петров (Ўзбекистон) – 2:10.06
2. Иля Тяпкин (Қирғизистон) – 2:16.07
3. Владислав Мамедов (Ўзбекистон) – 2:17.35

Аёллар:

1. Мария Коробиская (Қирғизистон) – 2:26.43
2. Екатерина Тунгускова (Ўзбекистон) – 2:28.55
3. Марина Хмелевская (Ўзбекистон) – 2:30.39

Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, ушбу мусобақа орқали Токио-2020 Олимпиадасига йўлланма олган спортчилар тақдирланди. Мусобақада 21 км масофага ярим марафонда югурган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби, Ўзбекистон триатлон федерацияси раиси Виктор Маҳмудов «Ғалабага бўлган иродаси» учун номинациясига сазовор бўлди.

Маълумот учун, Халқаро енгил атлетика федерацияси томонидан марафон йўналишида Токио-2020 Олимпиада ўйинлари талаби эркаклар учун 2 соату 11 дақиқа 30 сонияни, аёллар учун эса 2 соату 29 дақиқа 30 сонияни ташкил этади.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати

Top