12:32 / 11.12.2020
2968
Қарздорнинг тўлов қобилиятини йўқотган даври учун солиқ тўловлари ҳисоблашни бекор қилиш таклиф этилмоқда

Иқтисодий ночор корхоналар ва тадбиркорлик субъектларини молиявий инқироз ҳолатидан олиб чиқиш, улар фаолиятини қайта тиклаш ҳамда соғломлаштириш мақсадида амалдаги қонунчилик нормаларига бир қатор ўзгартиришлар киритилмоқда.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялар томонидан тўловга қобилиятсизликнинг соғломлаштириш таомиллари орқали иқтисодий ночор корхоналарни соғломлаштиришга қаратилган “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинган.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурати сифатида қуйидаги омиллар санаб ўтилган:

  • амалдаги “Банкротлик тўғрисида”ги Қонуннинг “банкротлик” атамаси билан номланиши иқтисодий ночор корхоналарни банкрот деб топиш ва уларни тугатиш билан боғлиқ тушунчани англатиши; 
  • банкротликнинг соғломлаштириш таомиллари, хусусан суд санацияси ва ташқи бошқарув таомилларининг қўлланишини рағбатлантирувчи самарали нормалар мавжуд эмаслиги;
  • кредиторларнинг қарзлари қопланиш даражасини пастлиги ва банкротлик жараёнлари муддати узоқ давом этиши оқибатида кўп харажат сарф бўлиши;
  • қарздор тузган битимларни бажаришдан бош тортиш ҳамда уни ҳақиқий эмас деб топиш бўйича аниқ нормалар мавжуд эмаслиги;
  • амалиётда мол-мулки етмасдан қопланмай қолган қарз маблағларини қарздорнинг мансабдор шахсларидан субсидиар ёки солидар тартибда ундириш тартиблари белгиланмаганлиги;
  • жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги институти ва амалиёти мавжуд эмаслиги;
  • суд бошқарувчиларининг ҳақ ҳуқуқлари, мажбуриятлари аниқ белгиланган бўлса ҳам уларнинг ваколатлари етарли даражада эмаслиги, уларга иш ҳақи ва мукофот пулларини бериш кафолатланмаганлиги.

“Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги” Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикасининг “Банкротлик тўғрисида”ги Қонуни негизида ишлаб чиқилган бўлиб, қуйидаги асосий тартибларни жорий этиш орқали амалиётда учраётган юқорида санаб ўтилган каби муаммоларни бартараф этиш ҳамда мазкур соҳани янада ривожлантиришга қаратилган. Жумладан:

  • тўловга қобилиятсизликнинг соғломлаштириш таомилларини ўтказиш жараёнида вужудга келган жорий солиқ тўловларини ҳисоблашни тўхтатиб туриш ва жараён муддати якунлангандан сўнг тўлаш;
  • қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклаш мақсадида тижорат банклари, молия ташкилотлари ва бошқа манбаларнинг маблағларини жалб этиш;
  • соғломлаштириш режаларида олдиндан қарздорликнинг қанча қисмини қоплашни кўзда тутиш, шунингдек қарздорнинг мол-мулкини сотиш назарда тутилган бўлса, кредиторлар розилиги билан унинг нархини босқичма-босқич 50 фоизгача тушириб боришга рухсат бериш;
  • қарздор тузган битимларни бажаришдан бош тортиш ва қарздорга фойда келтирмайдиган битимларни ҳақиқий эмас деб топиш;
  • қарздорни бошқарувчи шахсларнинг ҳаракатлари ва (ёки) ҳаракатсизлиги оқибатида, кредиторларнинг талабларини тўлиқ қопланишини имконсиз қилиб қўйган шaxслар қaрздoрнинг қопланмай қолган мaжбуриятлaри бўйичa суд қарорига асосан субсидиар жaвoбгaр бўлиши;
  • жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги амалиётини жорий этиш ва тартибга солиш;
  • қарздорнинг (жисмоний шахснинг) ойлик даромадларидан келиб чиқиб, қарздорликни тўлов графиги асосида бўлиб-бўлиб тўлаш тартибини жорий этиш;
  • қарздор юридик шахсга суд санацияси ёки ташқи бошқарув таомилини қўлланишига эришган суд бошқарувчисини қўшимча рағбатлантириш, қўшимча ҳуқуқ ва ваколатлар бериш.
Top