23:38 / 11.12.2020
2124
Таиландда коронавирусга қарши 20та вакцина ишлаб чиқилаётгани маълум қилинди 

Таиландда коронавирусга қарши 20та вакцина устида ишлар олиб борилмоқда. Улардан 3таси бўйича сезиларли муваффақиятларга эришилган. Бу ҳақда Таиланднинг Вакциналар миллий институти директори Накорн Премсри маълум қилди.    

“Айни вақтда 20та вакцина устида ишлар олиб борилмоқда. Улардан аксарияти ҳайвонларда синалмоқда. Вакциналардан Чулалонгкорн университети қошидаги Тадқиқотлар соҳасидаги илғор технологиялар маркази томонидан ишлаб чиқилаётган mRNA-вакцина, BioNet-Asia’нинг ДНК-вакцинаси ва Baiya Phytopharm’нинг вакцинаси бўйича катта тараққиётга эришилган”, деб маълум қилган Премсри.

Унинг таъкидлашича, Чулалонгкорн университети вакцинаси одамларда синалиши учун GMP халқаро сертификатини олиши лозим. “Таиландда бундай сертификатни берувчи корхона йўқлиги сабабли университет вакцина текширувини АҚШда ўтказиш учун навбат олиши лозим”, деб тушунтирган Премсри.  

Ушбу вакцинанинг синовлари кўнгиллиларда октябрда бошланиши керак бўлган, бироқ улар GMP сертификатларини берувчи хорижий объектларда ишлаб чиқариш қувватлари чеклангани сабабли кейинга қолдирилган. “Синовлар кўчирилиши mRNA-вакциналарни текширтиришга талаб катталиги билан боғланган, чунки дунёда фақат 7та компания GMP сертификатини беради”, деб таъкидлаб ўтган мутахассис.

Таъкидланишича, ушбу вакцинани одамларда синаш учун 2021 йилнинг март-апрелида сертификатлаш режалаштирилган. Синовларнинг ўзи эса яна 9 ойга яқин вақт олади.

Top