18:31 / 13.12.2020
11071
Бозорлардаги нархлар: қимматбаҳо мандарин, қимматлашда давом этаётган бодринг ва картошка

Kun.uz’нинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардаги мухбирлари ўз ҳудудларидаги марказий деҳқон бозорларидаги 13 декабр, якшанба кунги нарх-наволар ҳақида маълумот тўплашди.

Жами 18 турдаги озиқ-овқат ва мева-сабзавот маҳсулотларининг ўртача нархлари тўплаб, тартибланиб, ўтган ҳафтадаги нархларни солиштириш асносида бозорлардаги аксарият маҳсулотлар нархида кескин ўзгариш кўзга ташланмаяпти.

Ўсимлик ёғи нархи айрим жойларда яна ўтган ҳафтага нисбатан бироз кўтарилган. Помидор ва айниқса бодринг нархи ҳамон юқорилигича қолмоқда. Бодринг нархида янада ўсиш кузатилган. Гулистонда бодрингнинг бир килограмми 25 минг, Тошкент вилояти ва Фарғона водийси бозорларида эса 23-24 минг сўмдан сотилмоқда. Кўплаб жойларда ўтган ҳафталарда килоси бодрингнинг олди 20 минг сўмдан ошган.

Мандариннинг каттаси килограмми 12-15 минг сўмдан сотилаётган бўлса, аксарият жойларда кичик ва данаксиз мандарин 45-55 минг сўм оралиғида савдога чиқарилган.

Айрим жойларда (Самарқанд, Андижон) сут нархи кўтарилган ва литри 6000 сўмга чиққан.

Картошка нархида ҳам ўсиш кузатилмоқда. Олдинги ҳафталарда энг қиммат картошканинг килограмми 4500 сўм даражасида қайд этилган бўлса, айрим жойларда унинг килограмми 5000 сўм, ҳаттоки 5500 сўмга етган.

Водий вилоятларида карамнинг нархи 6000 сўмгача етгани қайд этилган. Энг арзон карам ҳозирча Денов ва Гулистонда: килограмми 1000-1500 сўм.

Гўшт нархи ҳамон барқарор: жойларда мол гўшти 55-65 минг сўм оралиғида сотилаётгани, қўй гўшти ўртача 65-70 минг сўм эканлиги маълум бўлди.

Top