17:00 / 14.12.2020
1674
Давлат хизматлари агентлиги уч йиллик фаолияти натижалари ҳақида маълумот берди

Бундан уч йил олдин, 2017 йил 12 декабрда давлат хизматлари кўрсатиш тизимида ўзгаришлар бошланган, бу соҳада масъул давлат органи – Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилган эди.

Фото: KUN.UZ

Давлат хизматларини олишдаги бюрократия ва коррупция даражасини камайтириш – агентликнинг асосий вазифаларидан этиб белгиланган.

ДХА матбуот хизмати ташкилотнинг уч йиллик фаолияти юзасидан айрим маълумотларни тақдим этди.

Фаолият – рақамларда

Айни пайтда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида жами 203та ДХМ ишлаб турибди. Уларда 150 турдаги давлат хизматлари фуқаронинг яшаш жойидан қатъи назар, яъни экстерриториал тамойил асосида тақдим этилади.

Давлат хизматлари тизимига тегишли 70дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Фуқаролар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар сони 167 тадан 79 тага, хизмат кўрсатиш учун талаб этиладиган муддат эса қарийб 2 баробардан кўпроққа – жами 465 кундан 245 кунга қисқарди.

Ўтган 3 йил давомида Давлат хизматлари марказлари орқали 25 миллиондан ортиқ хизматлар кўрсатилди.

Хизмат олувчиларга қулай бўлиши учун, марказлар иш кунлари узайтирилиб, шанба кунлари ҳам 15:00га қадар хизмат кўрсатилиши йўлга қўйилди.

Халқаро эътироф

Давлат хизматлари кўрсатишда илк бор умумреспублика бўйича хизмат кўрсатишнинг экстерриториал тамойили ҳамда тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш билан бир вақтда банк ҳисобрақамларини очиш механизми йўлга қўйилиб, муҳр ва штамплардан фойдаланиш мажбурияти бекор қилинди.

Натижада Жаҳон банкининг «Бизнесни юритиш – 2020» рейтингида Давлат хизматлари агентлиги масъул бўлган «Бизнесни рўйхатдан ўтказиш» индикаторида Ўзбекистон 190 та давлат ичида 8-ўринни эгаллади.

Сайёр давлат хизматлари

ДХА сайёр давлат хизматларини ҳам кўрсатиб келмоқда. Дам олиш кунлари ДХМ ходимлари махсус техника билан жиҳозланган транспорт орқали бориш қийин бўлган чекка ва тоғли ҳудудда яшовчи аҳоли учун жойларга чиққан ҳолда зарур ҳужжатларни тақдим этишади.

Шу кунгача мақбул, қулай ва шаффоф услублардан фойдаланган ҳолда республика бўйича 530 мингга яқин сайёр хизматлар кўрсатилди.

Туман марказидан узоқда (100–300 км) жойлашган ҳудудларда ҳамда аҳолининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, давлат хизматлари марказининг филиаллари фаолияти йўлга қўйилди. Бугунги кунда уларнинг сони 100 дан ошди, кўрсатилган хизматлар сони қарийб 80 мингдан ошди.

«Ҳужжатлар ҳаракатланиши»

Фуқароларнинг давлат хизматчилари билан алоқасини имкон даражада камайтирадиган тизимни яратиш – ДХАнинг асосий вазифаларидан бири. Буларни амалга оширишнинг асосий мезони эса – давлат идораларининг архив ҳужжатларини рақамли кўринишга ўтказиш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш жараёнида зарур маълумотларнинг электрон тизимларини ташкил этишдир.

ДХА рақамлаштириш ишларини ФҲДЁ органларидан бошлади. Бунинг учун махсус рақамлаштириш ускуналари ишга солинди. Натижада, бугунги кунда ФҲДЁ органларининг мавжуд 60 миллионга яқин архив маълумотларининг 90 фоизидан ортиғи рақамлаштирилди.

Яна қандай қулайликлар бор?

Давлат хизматларини масофадан олиш қулайлашиши учун электрон рақамли имзони онлайн олиш имконияти яратилди.

Бундан ташқари, фарзанд туғилганини расмийлаштириш учун ФҲДЁ органларида композит (бирлаштирилган) хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилди. Яъни туғилишни қайд этиш, болани поликлиникада рўйхатга қўйиш, турар жойи бўйича ҳисобга олиш, бир марталик нафақа пулини тайинлаш ҳамда давлат мактабгача таълим муассасасига навбатга қўйиш хизматлари бир вақтнинг ўзида амалга оширилади.

Композит давлат хизматлари кўрсатилишининг йўлга қўйилиши билан 15 дан ортиқ ҳужжат қисқариб, 4 та идорага боришга чек қўйилди. Ушбу хизмат ишга туширилганига ҳали кўп вақт бўлмаган бўлса-да, бугунги кунга қадар 100 мингга яқин фуқаро ушбу қулайликдан фойдаланишга улгурди.

Тадбиркорлик соҳасида ҳам бир мунча жараёнлар осонлашди. Масалан, эндиликда бизнесни рўйхатдан ўтказиш билан бир вақтда 30 та тижорат банкларда ҳисобрақам очиш имконияти мавжуд. Юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш билан бир вақтда ходимларни жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш, шунингдек, электрон рақамли имзо олиш ҳам мумкин бўлади.

Давлат хизмати учун тўлов қилишдаги муаммоларни бартараф этиш учун марказларда pay.davxizmat.uz электрон тўлов тизими орқали нақд пул қабул қилиш механизми жорий этилгани ҳам тизимдаги муҳим янгиликлардан бири.

Давлат хизматлари кўрсатилишининг ҳар бир босқичида тўланган пул маблағлари ҳақидаги маълумот мурожаат муаллифларининг телефон рақамларига смс-хабар тарзида келади.

Жорий йилнинг ноябр ойидан бошлаб айрим туман (шаҳар) ДХМларида синов тариқасида «surdo-online» планшетлари ишга туширилди. «Surdo-online» планшетлари интернетга уланган бўлиб, бевосита онлайн тарзда эшитиши ва гапиришида нуқсони бор шахслар билан тўлақонли мулоқотни таъминлайди.

«Албатта, соҳада ўз ечимини кутаётган масалалар ҳам бор. Давлат хизматлари агентлиги тартиб-таомилларни соддалаштириш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш сифатини ошириш бўйича ишларни давом эттиради», – дейилади агентликнинг Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими ахборотида.

Top