20:49 / 14.12.2020
1934
«Мен спортни танлайман!» ижтимоий видеороликлар тақдимоти ўтказилди

Бугун, 14 декабр куни Тошкент шаҳридаги Ҳилтон меҳмонхонасида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC)нинг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси ва Халқ таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Бош прокуратура академияси ҳамкорлигида «Мен спортни танлайман!» ижтимоий мотивацион видеороликлар тақдимоти ўтказилди.

Kun.uz мухбири хабар беришича, видеолавҳалар UNODC'нинг Доха Декларациясини амалга ошириш бўйича глобал дастурининг компоненти бўлган «Спорт орқали ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш» ташаббуси доирасида ишлаб чиқилган.

Маълум қилинишича, олимпия ўйинлари ғолиблари ижобий ўрнак сифатида иштирок этадиган видеолавҳаларда ёшларнинг спортга жалб қилиниши соғлом турмуш тарзи ва спортни тарғиб қилиш орқали жиноятчилик, зўравонлик ва гиёҳвандликнинг олдини олишда муҳим восита ҳисобланади.

Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари Фаррух Омоновнинг айтишича, бу роликлар тақдимоти БМТ агентликлари билан ҳамкорликда ташкил қилинаётган катта лойиҳанинг бир қисми холос.

«Фарғона водийсида ёшлар уйғунлиги» лойиҳаси БМТнинг 3 та агентлиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган 2020-2021 йилларга мўлжалланган жуда катта лойиҳа.

Лойиҳа доирасида Фарғона водийсидаги ёшларнинг турли йўналишдаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган. Булар ёшларнинг тадбиркорлиги ва бандлигини қўллаб-қувватлаш, ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудлардаги ижроси масаласи ва ёшларнинг IT соҳасидаги саводхонлигини оширишга доир дастурлардир.

Бугунги видеороликлар ҳам ана шу лойиҳанинг кичик, лекин долзарб йўналиши. Ёшлар ўртасида жиноятчиликка қарши курашиш ва уларнинг кучидан самарали фойдаланиб, ҳаётга тўғри йўналтириш ва қўллаш орқали жамиятда ўз ўрнини топишига ёрдам қилиш.

Ёшларимиз бугун визуал кўринишдаги маълумотларни яхшироқ қабул қилишади. Бу лойиҳанинг мақсади ҳам шундан иборат. Ўйлаймизки бундай лойиҳалар ёшларимизга манзур келади ва биз бу йўналишдаги ишларимизни давом эттирамиз”, - дейди агентлик вакили.

Top