08:01 / 14.12.2020
43611
Юнусобод туманида ИИББ ходимлари ва фуқаролар иштирокида зиддият юзага келди 

Ижтимоий тармоқларда автомобил ичидан гувоҳ томонидан тасвирга олинган видео тарқалди, унда фуқаролар ва ички ишлар органлари ходимлари орасидаги келишмовчилик акс этган.

Видеодан кадр

Тошкент шаҳар ИИББнинг маълум қилишича, 13 декабр куни тахминан соат 15:00ларда Юнусобод тумани ИИО ФМБ 5-сон ички ишлар бўлими профилактика инспекторлари подполковник Ш. Алимқулов ва капитан Д. Мажидовлар “Универсам” савдо комплекси яқинидаги ерости йўлагида ноқонуний савдо билан шуғулланувчи ва бу билан бошқа фуқаролар учун ноқулайликлар туғдирувчи шахсларга нисбатан чора кўриш ҳақидаги кўплаб мурожаатлардан сўнг воқеа жойига етиб келиб, ерости йўлагида савдо молларини териб қўйган аёл, эркак ва йигитни кўришган. 

“Мазкур шахслар ноқонуний савдони тўхтатиб, савдо молларини йиғиштириш ва йўлакни фуқаролар учун бўшатиш тўғрисидаги огоҳлантиришларга рад жавобини беришди. Савдо қоидаларини бузганлик учун қонун билан белгиланган жавобгарлик ҳақидаги огоҳлантиришларга аёл ва эркак қўпол тарзда жавоб бериб, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишларини айтдилар. 

Бундан ташқари, улар жанжал кўтариб, атрофдагиларнинг эътиборини тортишди, уларнинг ўғли бўлган йигит эса хизмат бурчларини адо этаётган ички ишлар органлари ходимлари билан муштлашмоқчи бўлди. Воқеа жойига патрул-пост хизмати ходимлари етиб келишганда ҳам йигит ҳуқуқбузарликни бас қилмасдан, патрул-пост хизмати ходимини юзига урган. Шу сабабли, ходимлар йигитнинг қўлларига кишан солишга мажбур бўлишган ва уч нафар тартиббузар шахсини аниқлаш ва кейинги суриштирувлар учун 5-сон ИИБга олиб кетилган”, - дейилади хабарда. 

Қайд этилишича, ерости йўлагида ноқонуний савдо қилувчи шахслар томонидан келиб чиққан тартиббузарлик ва ноқулайликлардан норози бўлган ўндан ошиқ ҳодиса гувоҳлари кўрсатма бериш мақсадида ички ишлар бўлимига ихтиёрий равишда етиб келган. Ҳуқуқбузарлар – Навоий вилоятидан бўлган 43 ёшли А. ва 42 ёшли Х.Т. ҳамда уларнинг ўғли 19 ёшли А.Х. эканлиги аниқланган.

Шунингдек, маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода ички ишлар органлари ходимларининг жамоат тартибини бузишни бас қилиш ҳақидаги талабларига бўйсунмасдан фаол қаршилик кўрсатган А.Х.нинг қўлга олиниши тасвирга тушган. Ерда ётган аёл, 42 ёшли Х.Т. савдо моллари сумкасининг устига ётиб, ходимлар уни ички ишлар бўлимига олиб кетишига қаршилик кўрсатмоқчи бўлган. 

Ҳодиса юзасидан терговолди текшируви ўтказилаётгани айтилади.

Top