17:02 / 15.12.2020
11338
Сирдарёдаги амалга ошмай қолган буюртма қотиллик бўйича қўшимча тафсилотлар маълум қилинди

Маҳаллий телевидениеда Сирдарё вилоятида бизнесдаги рақобатчисини йўқ қилиш учун қотиллик буюртма қилган жиноятчи бўйича лавҳа намойиш этилди. Унда буюртмачи томонидан ёлланган шахсга йўлланган аудиоёзув ҳам келтирилган.

«Конкрет йўқ қилиш керак. Шундай телефон қилиш керак, қаердасан, кел шу ерга, дейиш керак... Мурдани кўриш керак, бўлди. Пулини бераман. Мурдани кўрамиз, бўлди, чиқиб кетамиз.

Йўлимиздан чиққан одамни йўқ қиламиз, бошқа иложи йўқ. Шунда катталар ҳам тан беради. Ўлдирсангиз ҳам орган нима қилади? Ҳуҳҳ деб [енгил] нафас олади битта ҳароми камайди, деб. Мана «танга»си, ака. Ўликни шундай кўраман, бўлди, мен хурсанд бўламан», дейилади аудиода.

Воқеадан хабардор бўлганлардан бири ижтимоий тармоқда ёзишича, қотилликни буюртма қилган шахс Сирдарё вилоятидаги боғчаларга озиқ-овқат таъминоти билан шуғулланувчи тадбиркор бўлган. У ўлдиришни истаган шахс эса тўғридан тўғри рақобатчиси бўлгани айтилмоқда.

12 декабр куни Бош прокуратура Сирдарёда амалга оширилиши режалаштирилган буюртма қотилликнинг олди олинганини маълум қилганди.

«1994 йилда туғилган ва муқаддам судланган Ж.З. муқаддам босқинчилик айблови билан судланган Х. исмли шахсдан (исми ўзгартирилган) 5 минг АҚШ доллари эвазига ўзининг бизнесдаги рақобатчиси деб билган М.Д. исмли тадбиркорни ўлдиришни сўрайди. Ж.З. келишув вақтида Х.га минг АҚШ доллари миқдорида аванс беришини айтади. Қотилликни буюртма қилган Ж.З. ҳар қанақасига одам ёллаб, М.Д.ни ўлдиртиришини айтади. 5 минг АҚШ доллари эвазига одам ўлдириш таклифини олган «Х» исмли фуқаро бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган», дейилган маълумотда.

Х. Гулистон шаҳрида жойлашган қабристон яқинида тадбиркор М.Д.нинг қотиллик аломатлари билан ётган, юз ва бош қисми грим қилинган жасади ва уни вафот этгани сунъий равишда яратилган фотосуратини кўрсатгач, 10 декабр куни ДХХ Сирдарё вилояти бошқармаси, вилоят прокуратураси ва ИИБ ходимлари ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда буюртмачи Ж.З. Мирзаобод тумани «Боғистон» маҳалласи ҳудудида унга 4 минг АҚШ доллари берган вақтида ушланган.

Ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти прокуратураси томонидан Ж.З.га нисбатан Жиноят кодексининг 25 ва 97-моддаси 1-қисми (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Бу жиноятни содир этганлиги исботланган шахс 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Top