17:38 / 15.12.2020
6435
Тошкент кўчаларида тирбандликларни камайтириш концепцияси ишлаб чиқилмоқда

Тошкент шаҳрининг транспорт тизимини янгилаш бўйича туркиялик ҳамкорлар билан иш олиб борилмоқда, деб маълум қилди пойтахт транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраев.

Унинг маълум қилишича, шаҳарнинг Усмон Носир, Шаҳрисабз ва Навоий кўчаларидаги 24 та чорраҳада тирбандликлар айнан қайси пайтда бўлиши ўрганилган. Бу чорраҳаларда соат 8:15дан 9:15гача бўлган вақт оралиғида энг кўп тирбандлик кузатилиши аниқланган.

Бу муаммони ҳал қилиш бўйича чорраҳалар архитектураси ва светофорлар фазасини ўзгартириш кўзда тутилган концепция ишлаб чиқилмоқда.

Светофор фазаларини ўзгартириш орқали транспорт воситаларининг тўхтаб туриш вақтини 66 секунддан 34 секундгача камайтириш мақсад қилинган.

«Жараёнларни моделлаштириш орқали чорраҳаларнинг ўтказувчанлик даражаси оширилади ва тирбандликларга барҳам берилади. Битта чорраҳадаги муаммони ҳал қилган билан у ердаги тирбандлик кейинги чорраҳага кўчиши мумкин, шу сабабдан 24 та чорраҳа битта коридор қилиб белгиланган, муаммо умумий бартараф этилади», – таъкидлади Анвар Жўраев.

Унинг айтишича, турк экспертлари билан тузилган шартномага асосан 24 та йўналиш бўйича 3 йил давомида иш олиб борилади. Бу йўналишлардан бири – йўл белгиларидир.

«Махсус ускуна ёрдамида йўлларимиздаги белгилар тўғри ўрнатилиши, етарлилиги, дунё стандартларига жавоб бериши ўрганиб чиқилмоқда. 10 км атрофида йўл таҳлил қилинганда 86 та йўл белгиси борлиги маълум бўлди. Ваҳоланки, жаҳон стандарти асосида шаҳарнинг бунча масофадаги йўлида 255 та йўл белгиси бўлиши керак.

Йўл қоидалари бузилмаслиги, йўловчилар манзилда адашмаслиги учун керак бўладиган бундай белгилар уч баравар камлиги кўриниб турибди», – деди Транспорт бошқармаси бошлиғи.

«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ маълумотига кўра, 2020 йилда пойтахтдаги 152 та йўловчи ташиш транспорт йўналишлари қайта кўриб чиқилиб, шундан 43 таси мақбуллаштирилган; 32 та автобус йўналишлар масофаси қисқартирилиб, 11 таси ёпилган; 2 та янги йўналиш очилган. Оптималлаштириш ишлари давом этмоқда.

Top