17:56 / 16.12.2020
6464
11,5 млрд сўмлик «мато» операцияси, «тилла магнитофон» ва бошқалар — божхона хабарлари

Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати сўнгги кунларда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан маълумот берди.

Хорижий авиарейс билан учиб келган фуқаро А.Э.га тегишли юкларнинг сканер қурилмаларида олинган тасвирлари Тошкент халқаро аэропорти чегара божхона пости ходимларининг эътиборини тортди.

Ушбу юклар ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказилганида, уларнинг ичида 1 дона автомагнитофон ва 1 дона аккумулятор батареяси учун қувватловчи ускуна ичида божхона назоратидан яширилган ҳамда жисмоний шахслар учун белгиланган божхона тўловларисиз олиб кириш меъёридан ортиқ бўлган 144,3 миллион сўмлик 481 грамм тилладан ясалган заргарлик буюмлари борлиги аниқланди.

Ҳолат юзасидан божхона суриштируви давом этмоқда.

11,5 млрд сўмлик «мато» операцияси фош этилди

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ва «Арк-булоқ» ТИФ божхона пости ходимлари хорижий мамлакатдан олиб келинган трикотаж матоларни божхона кўригидан ўтказди.

Божхона кўригидан ўтказиш давомида божхона экспертизаси ҳам тайинланди.

Экспертиза хулосасига асосан, божхона расмийлаштируви учун тақдим этилган божхона юк декларациясида «трикотаж мато» деб кўрсатилган товарлар аслида «сунъий толадан босилган мато ҳамда сунъий иплардан босилган мато» товарлари экани маълум бўлди.

Қиймати 11 млрд 487 млн сўмни ташкил этган мазкур «сунъий тола ҳамда сунъий иплардан босилган мато» товарлари вақтинча сақловга олинди.

Дастлабки ҳисоб-китобга кўра, ушбу товарлар учун 622,5 млн сўм қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.

1,6 миллиард сўмлик найранг иш бермади

Андижон вилояти божхона бошқармаси ходимлари навбатдаги йирик қонунбузилиш ҳолатини фош этди.

Андижон шаҳрида фаолият юритаётган хусусий корхона номига умумий қиймати 2590 АҚШ доллари бўлган, оғирлиги 25 900 килограммни ташкил этувчи текстиль маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун хомашё товарлари олиб келинади. Бироқ, тақдим этилган ҳужжатлардан шубҳаланган божхона ходимлари мазкур товарларни белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказади.

Шубҳалар ўзини оқлади ва ҳужжатларда қайд этилмаган, қиймати

1 млрд 616 млн сўмдан зиёд миқдордаги тўқимачилик матолари бўйича давлат бюджетига ундирилиши лозим бўлган 500 млн сўмдан зиёд божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлашга бўлган уриниш фош этилди.

Агар мазкур қонунбузарнинг божхона ходимларига тақдим қилган дастлабки ҳужжатларида акс этган маълумотлари, яъни товар миқдори ҳамда ТИФ ТН коди асосида божхона тўловлари ҳисобланганда, 50 млн сўмдан зиёд божхона тўловлари ундирилар эди, холос.

Ҳолат бўйича ашёвий далил сифатида олинган 1 млрд 616 млн сўмлик товарлар божхона тўловларини тўлиқ ундирилишини таъминлаш мақсадида вақтинча сақловга олинди. Божхона суриштируви давом этмоқда.

94 миллион сўмлик товарларни ноқонуний тарзда олиб киришга бўлган уриниш фош бўлди

Бухоро вилояти божхона бошқармаси «Олот» чегара божхона постига қўшни мамлакатдан кириб келган фуқаро Қ.С. бошқарувидаги «DAF» русумли юк автомашинаси «Хавфни бошқариш тизими»да «қизил» йўлакка тушгани сабабли белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди.

Божхона кўриги давомида автомашинада юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган ҳамда кўрсатилганидан ортиқча бўлган умумий қиймати салкам 94 миллион сўмлик турли товар-моддий бойликлари борлиги аниқланди.

Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top