15:04 / 17.12.2020
2769
«Аэрофлот» ниқоб тақишни истамаган йўловчилар учун ўриндиқларни махсус жиҳозлайди
Фото: CNN

Россиянинг энг йирик авиаташувчиси бўлган «Аэрофлот» компанияси пандемия тақозосига кўра тиббий ниқоб тақишни истамаган йўловчилар учун ўриндиқлар дизайнини ўзгартиради.

«Барча йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш биз учун фавқулодда муҳим», дейди авикомпания матбуот котиби Юлия Спивакова.

Россиянинг энг йирик миллий авикомпанияси бўлмиш «Аэрофлот» йўловчиларга самолётга чиқаётганда, парвоз давомида ниқоб тақишни шарт қилиб қўйган. Овқат ё ичимлик истеъмол қилаётган ё ниқобларни алмаштираётган пайт истисно ҳолатлардир.

Лекин айрим йўловчилар қоидаларга бўйсунишмаяпти. Самолёт ҳаводалигида уни тўхтатиш ё қоидабузар йўловчиларни тушириб юбориш имкони йўқлиги боис, компания ниқоб тақишни истамаган йўловчилар учун махсус ўриндиқлар тайёрлади.

«Бу бошқа чоралар ҳам кўрилиши мумкинлигини истисно қилмайди», деб қўшимча қилди Спивакова.

Самолётда ниқоб тақиш бўйича ҳар бир авиакомпания ўз сиёсатига эга. Қоидаларни ижро этиш мажбурияти асосан борт кузатувчилари гарданига юкланяпти.

Россия бортда ниқоб тақиш қоидалари бўйича муаммога дуч келаётган ягона давлат эмас.

Бу каби нохуш ҳолатлар АҚШда ҳам юз бериб турибди. Масалан, жорий йилнинг июл ойида бортдаги йўловчилар айнан ниқоб масаласида жанжаллашиб кетиб, улардан бири ниқоб тақмаслик «конституцион ҳуқуқи» эканини пеш қилгач, Southwest Airlines самолёти Денвер аэропортига қайтишга мажбур бўлганди.

Шу йилнинг август ойида АҚШнинг Delta Air Lines компанияси ниқоб тақишни рад қилган 250 йўловчини бир умрга авиакомпания хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилганди.

Сентябрда эса Япониянинг ички рейсларида учмоқчи бўлган икки йўловчи ниқоб тақишни истамагани учун самолётдан тушириб қолдирилди.

«Аэрофлот» парвоз давомида ниқоб тақиш қоидаларини бузган йўловчиларни бир умрлик «қора рўйхат»га қўшадими ё бошқа усулда жазолайдими, бу ҳақда ҳеч нарса дейилмаган. Ҳозирча ундай йўловчиларни самолётнинг изоляцияланган қисмига жойлаштириш кўзланган натижани беришига умид қилиняпти.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top