23:43 / 17.12.2020
6100
Трампнинг мухлисларига унинг болалиги ўтган 3 миллион долларлик уйни совға қилиш таклиф этилди

Ню-Йоркда АҚШнинг амалдаги президенти Доналд Трампнинг болалиги ўтган уйни 3 миллион долларга сотиб олиб, уни президентга совға сифатида тақдим қилиш таклиф этилди.   

Фото: Getty Images

15 сентябрда Paramount Realty кўчмас мулк агентлиги GoFundMe краудфандинг сайтида уйни сотиб олиш учун маблағ йиғиш бўйича акцияни йўлга қўйди. Агар етарлича миқдордаги пул йиғилса, уй президентлик сайловларидаги мағлубиятидан кейин Оқ уйни тарк этаётган Трампга совға қилинади.

Яқинда агентлик Ню-Йоркнинг нуфузли туманида Jamaica Estates’да жойлашган уйни аукционда 3 млн долларга сотишга уринган, бироқ бунинг уддасидан чиқа олмаган.

Трамп 5та ётоқхона ва 4та ваннахонага эга уйда 4 ёшигача яшаган. Кейинроқ унинг оиласи яқин атрофдаги қимматроқ уйга кўчиб ўтган. 

Трампнинг болалиги ўтган уй 2017 йилда у президент лавозимини эгаллагандан кейин 2,14 млн долларга сотиб юборилган. Аввал кўчмас мулк билан шуғулланган Трамп Оқ уйни январда тарк этганда, уй унга “мухлисларидан миннатдорлик ёки совға” сифатида тақдим этилиши мумкин. 

Трамп 2019 йил октябрда Ню-Йоркдан Флоридага кўчиб ўтганди.

Кўчмас мулк агентлигида бу борада Трамп билан маслаҳатлашилмагани маълум қилинган. Агар Трамп уйни олишни истамаса, унда йиғилган маблағлар хайрияга йўлланиши мумкин. Ҳозирча бундай антиқа лойиҳани амалга оширишнинг уддасидан чиқиладими ёки йўқми, номаълум. Бироқ сайтда бу мақсадда маблағ йиғила бошлангандан кейин уни ҳисобига 45 доллар келиб тушган.

Top