12:22 / 18.12.2020
5352
Марказий банк фирибгарлик ҳолатларидан эҳтиёт бўлишга чақирди

Ахборот технологиялари кенг қўлланилаётган ҳамда молиявий хизматлар истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларда масофавий хизмат кўрсатиш каналлари кенгайиб бораётган ҳозирги шароитда ишонувчан ҳамда молиявий саводхонлик даражаси етарли бўлмаган фуқароларга нисбатан фирибгарлик ҳаракатлари кузатилмоқда, деб хабар беради Марказий банк.

Қайд этилишича, фирибгарлик ҳолатлари банк картаси эгасининг хабарисиз унинг карта ҳисобварағидан пул маблағини ечиб олиш, пароль ва ПИН кодларни ўғирлаш, бошқа ноқонуний фаолият турлари билан боғлиқ.

Марказий банк Банк хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати фирибгарликнинг қуйидаги белгиларидан огоҳ бўлишга чақирган:

  • ишонтириш мақсадида ўзини банк, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ёки бирон савдо ташкилоти ходими сифатида таништирувчи бегона шахслардан қўнғироқ бўлиши, СМС хабарнома ёки ижтимоий тармоқлар орқали турли хабарлар келиб тушиши;
  • турли совғалар ғолибига айланиш, ҳар қандай маблағларни ўтказиб бериш ёки товар, хизматларни жозибадор шартларда сотиб олиш каби гўёки жуда фойдали ва кутилмаган имкониятлар таклиф этилиши;
  • ютуқларни кейинчалик банк картасига ўтказиб бериш шарти билан турли хил сўровлар ва лотереяларда иштирок этиш таклиф қилиниши;
  • ютуқларни қабул қилиш ёки товар, хизматлар учун тўловларни амалга ошириш мақсадида турли мобиль иловаларни ўрнатиш ёки ҳаволалар орқали банк картаси ёхуд шахсий маълумотларни киритиш тўғрисида таклифлар берилиши;
  • ҳисобварақдаги пул маблағлари йўқолиши мумкинлиги ҳақида қўрқитиш ва тезкор қарор қабул қилишга мажбурловчи руҳий босим ўтказиш ҳолатлари;
  • ҳисобга хатолик билан пул маблағи ўтказиб юборилганлиги ва ушбу маблағларни қайтаришни сўраб қўнғироқ қилиш ҳолатлари.

“Телефон фирибгарлари” ўйлаш учун вақт қолдирмай, турли гаплар билан чалғитиб, карта маълумотларини айёрлик билан қўлга киритади ёки ёлғонларига ишонтириб, пул маблағларини уларга ўтказиб беришга ундайди.

Шу сабабли, Марказий банк Банк хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати фирибгарларнинг турли баҳоналар билан банк картаси маълумотларини (карта рақами, ПИН код, шунингдек, СМС код ва бошқа шахсий маълумотлар) билиб олишга бўлган уринишларига жавоб бермасликка чақирган.

Шунингдек, банк ходимлари қўнғироқ қилиш, СМС хабарнома ёки ижтимоий тармоқларда хабар юбориш орқали банк картаси эгасидан унинг картасига тегишли ва бошқа шахсий маълумотларни сўрамаслиги маълум қилинган.

Фирибгарлар “тузоғи”га тушиб қолишнинг олдини олиш ва маблағлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Марказий банк Банк хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати қуйидагиларни тавсия қилмоқда:

  • ўзини банк, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораси ёки бирон савдо ташкилоти ходими деб таништирган нотаниш фуқаролардан қўнғироқ бўлганда, уларнинг сўзларига ёки кўрсатмаларига амал қилишга шошилмаслик ва шахсий маълумотларни ошкор қилмаслик. Суҳбатни тугатинг ва қўнғироқ қилувчилар айтган ташкилот билан қайта боғланиб, улар томонидан сизга берилган маълумотларнинг тўғри ёки нотўғри эканига аниқлик киритинг;
  • ҳар қандай шароитда ҳам банк картаси тўғрисидаги маълумотларни (карта рақами, ПИН код, банк картасининг олд қисми расмлари) ҳамда ўз шахсий маълумотларингизни бегона фуқароларга ошкор қилманг ва юборманг;
  • ўзингизга тегишли бўлган банк картаси маълумотларини ижтимоий тармоқларда эълон қилманг;
  • махфий маълумотларни киритишингиз, рўйхатдан ўтишингиз керак бўлган сайтларда HTTPS:// префикси мавжудлигини текширинг;
  • агар ташкилотларнинг сайти ёки саҳифаси ҳақиқийлигига шубҳа қилсангиз, ушбу ташкилот билан боғланинг ва маълумотларга аниқлик киритинг;
  • имзоланадиган барча ҳужжатларни диққат билан ўқинг, кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилигини қайта текширинг;
  • ушбу оддий тавсияларни ёши улуғ қариндошларингиз ва ўсмирларга тушунтириб боринг.
Top