16:46 / 24.12.2020
10641
Юнусободда яширин цех фаолиятига чек қўйилди

Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати сўнгги кунларда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан маълумот берди.

Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент вакиллари билан ҳамкорликда, Тошкент шаҳар Юнусобод туманида тезкор тадбир ўтказди.

Тадбир давомида Юнусободдаги хонадонларнинг бири холислар иштирокида кўздан кечирилганида, уйда фуқаро Х.Х. томонидан муқаддам яширин цехларда тайёрланиб олиб келиниб, кейинчалик қадоқлаб қайта сотиш мақсадида тайёрлаб қўйилган, умумий қиймати 294,3 миллион сўмлик, қадоқсиз ҳолдаги 153 кг таблеткалар, 166 дона қутида 9960 қутида «ZINC+ витамин С» номли дори воситалари, 24 қутида «Магний B6» номли дори воситалари ҳамда 70 000 дона «ZINC+ витамин С» номли этикеткалари ноқонуний сақлаб келинаётгани аниқланди.

32 640 дона пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди

Навоий вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро М.М. бошқарувидаги «Lacetti» тўхтатилиб, ўрнатилган тартибда кўздан кечирилди.

Натижада, автомашина салонида ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган, ноқонуний сотиш мақсадида олиб кетилаётган 19 200 дона пиротехника воситалари борлиги аниқланди.

Яна бир ҳолатда Навоий шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро М.Ш. ўзига тегишли бўлган 13 440 дона пиротехника воситаларини ноқонуний тарзда сотаётган вақтда қўлга олинди.

«Исузу»лардаги қинғир режалар фош бўлди

Тошкент вилояти божхоначилари Оҳангарон туманида тезкор тадбир ўтказди.

Фуқаро М.Н. бошқарувидаги «Isuzu» русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганида, автомашина юкхонасида божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган, хорижда ишлаб чиқарилган, умумий қиймати 74,2 миллион сўмлик 21 420 дона чўғланма лампалар борлиги маълум бўлди.

Бошқа бир тезкор тадбир вилоятнинг Ўрта Чирчиқ туманида ўтказилди.

Фуқаро Т.Б. бошқарувидаги «Isuzu» русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб кўздан кечирилганида, унинг юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган ва божхона расмийлаштирувидан ўтганини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган, умумий қиймати 56,9 миллион сўмлик 237 дона ҳар хил турдаги электроплита товарлари яширилгани аниқланди.

Салкам 563 миллион сўмлик божхона тўловларининг давлат бюджетига ундирилмай қолинишининг олди олинди

«Чуқурсой» ТИФ божхона постига Ўзбекистондаги МЧЖлардан бирининг номига хориждан олиб келинган сув қиздиргич, пластмасса қувурларни қотириш ускунаси ва сув жўмракларини расмийлаштириш учун электрон тақдим этилган божхона юк декларацияси ва юк кузатув ҳужжатлари асосида божхона кўригидан ўтказилди.

Текширув давомида товарларга тегишли электрон ва қоғоз ҳужжатларда товарларнинг ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатура коди ва оғирлиги тўғрисидаги маълумотлар ўртасида тафовут борлиги аниқланди.

Натижада, давлат бюджетига ундирилиши лозим бўлган 562,8 миллион сўмлик божхона тўловларининг ундирилмай қолинишининг олди олинди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top