21:34 / 25.12.2020
2408
Вазирлик вакили Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя ягона тизими йўқлиги ҳақидаги ЮНИСЕФ хулосасига муносабат билдирди

Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя бўйича давлатнинг ягона стратегияси йўқ, деганди ЮНИСЕФнинг ижтимоий сиёсат дастури раҳбари Тинатин Баум бундан икки ҳафта олдин Ўзбекистон расмийлари иштирокида бўлиб ўтган давра суҳбатида.

ЮНИСЕФ ўрганишларига кўра, Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя турли идоралар ўртасида бўлиниб кетган, бу йўналишга ажратилаётган маблағлар самарадорлиги мониторинг қилинмайди.

Kun.uz мухбири халқаро ташкилот хулосасига Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг муносабати билан қизиқди.

Вазирликнинг Камбағалликни қисқартириш сиёсатини юритиш департаменти директори Илҳом Маматқулов ЮНИСЕФ расмийсининг фикрлари билан танишиб чиққанини билдирди.

«Тинатин Баум билдирган фикрлар ҳақидаги хабарни биз ҳам ўқидик. Ундаги танқид ва таклифларни кўриб чиқиб, ўзимиз учун муайян хулосалар чиқардик.

Тўғри, ижтимоий ҳимоянинг ягона тизими мавжуд эмас эди. Пенсиялар, нафақалар, моддий кўмаклар, бола пулларини мисол қилиб олишимиз мумкин. Ҳақиқатан ҳам бу пулларнинг берилишида ягона тизим мавжуд эмас эди.

Аммо ҳозирда бу тизимни якдиллаштириш мақсадида аҳоли ижтимоий ҳимоясига қаратилган концепция ишлаб чиқилмоқда. Йил бошида Сирдарё вилояти мисолида ижтимоий ҳимоя ягона реестри (онлайн платформа) яратилган эди. Бугунги кунда республиканинг барча вилоятлари мазкур тизимга қамраб олинган.

Бу реестр – аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламининг ижтимоий хизматлардан фойдаланиш истагини билдирганларининг маълумотларини онлайн тизимда юритиш, уларни дастурга қабул қилиш, уларнинг даромадлари ва мол-мулки ҳақидаги маълумотларни ўрганиб чиқиш, ижтимоий хизматдан фойдаланишга лойиқ ёки лойиқ эмаслигини аниқлаш имконини бермоқда», – деди Илҳом Маматқулов.

Top