19:40 / 29.12.2020
3036
Тошкентда япон тили ва касбий малака тест маркази ишга тушди

Тошкентда хорижда меҳнат қилишни режалаштирган меҳнат мигрантлари учун юқори маошли мамлакатларда ишлаш имкониятини тақдим этиш мақсадида “Япон тили ва касбий малака тест маркази” ишга тушди. У “Ишга марҳамат” Мономаркази, Япониянинг “Sanko Global Group” ва “Nippon Academy Educational” кўп тармоқли таълим кластери билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Мономарказга уюштирилган пресс-турда қайд этилишича, марказ 2019 йил 17 декабрда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Япониянинг ваколатли вазирликлари ва идоралари ўртасида имзоланган ҳамкорлик шартномаси қоидаларини инобатга олган ҳолда ташкил этилган бўлиб, ўзбек фуқароларига Япониянинг тегишли қонун талабларига мослаштирилган таълим ва кўникмаларни бериш билан бир қаторда, Японияга хавфсиз, тартибли ва ташкиллаштирилган ҳолда жўнатиш механизмини яратиш вазифалари билан ҳам шуғулланади.

Мазкур марказда Nippon Academy Educational билан ҳамкорликда “Япон тили” (JFT-Beizik) ва “Махсус касбий малака” (Токутэй гино) тестларига тайёрлов курслари жорий қилинди. Ушбу тайёрлов курслари ўқитилиши жорий йилнинг 16 ноябридан бошланган бўлиб, бугунги кунда Ниппон Академияси институтининг 5 нафар етакчи педагоглари 50 нафар фуқароларга онлайн (пандемия шароити туфайли вақтинча) мулоқот тарзида япон тилида Н4 даражасидаги малака, қариялар боқувчиси ва қишлоқ хўжалиги соҳалари бўйича касбий малака курслари йўналишларида таълим бериб келмоқда. Ўқув жараёни 2 семестрдан иборат бўлиб, 6 ой давом этади. Ушбу тайёрлов курсларини муваффақиятли битирган номзодлар Япониянинг Ниппон Академияси институтининг дипломи ва Японияда ишлаш ҳуқуқини берувчи "Махсус малакали ишчи" халқаро сертификатни қўлга киритадилар.

Шунингдек, Марказда Япон маданияти ва ҳаёти тарзи, Япония иммиграция қонунлари, кунчиқар мамлакатнинг қонун ва тартиб қоидалари, чет эллик фуқаролар фойдаланиши мумкин бўлган имтиёзлар, корпоратив одоб-ахлоқ ва касб этикасига доир кўникмалар ҳам ўргатилади.

Марказ раҳбари Дилафрўз Икромованинг айтишича, марказнинг таълим дастури Япониянинг Адлия вазирлиги ва тегишли таълим сифатини белгиловчи ташкилотлари томонидан тасдиқланган MUDIE - (Multi-Dimensional Education- кўп қамровли интенсив таълим) инновацион мультимедиали замонавий методикасига асосланган ҳамда 2020 йилнинг 1 декабридан бошлаб ушбу таълим дастуридан ваколатли фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритган.

Дилафрўз Икромова

 “Бу таълим дастурининг анъанавий таълим дастурларидан фарқи шундаки, у ўқувчининг қандай ёшда бўлишидан қатъий назар чет тилини мукаммал ўрганиши учун ички мотивациясини кучайтириб, дарсларни ўзлаштириш сифатини оширади, билимини такомиллаштиради. 2021 йилда Япониянинг “Sanko Global Group”  компаниясининг имтиёзли гранти асосида 15 нафар япон тили педагогларини MUDIE инновацион мультимедиали таълим дастури асосида ўқитиш учун 3 ойлик малака курсларига жўнатиш режалаштирилган”, - дейди марказ раҳбари.

Бундан ташқари, бугунги кунда марказда 2 йўналишда касбга тайёрлаш йўлга қўйилган бўлиб, келажакда касбий малака курслар турини яна 12 тага кўпайтириш, шунингдек, Марказ филиалларини республиканинг барча “Ишга марҳамат” Мономарказларида ташкил этиш режалаштирилган. 

Хуллас, япон тилини ўрганишни ва Японияда ишлашни истаганлар “Япон тили ва касбий малака” тест марказига ташриф буюришлари мумкин.

Top