08:23 / 05.01.2021
2580
Юкларни божхона назорати остида ташиш тартиби соддалаштирилди

Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташқи савдо юкларини божхона назорати остида ташишни соддалаштириш, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларини янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Norma’нинг ёзишича, ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

Божхона назорати остида автомобил йўлларида ташилаётган товарларнинг божхона ҳамроҳлигидаги кузатувини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом;

Чет эл товарларини ташиш жараёнида божхона тўловлари тўланишини таъминлашни ваколатли шахслар билан реал вақт режимида ва интерактив шаклда ўзаро ҳамкорлик асосида ҳисобга олиш ва назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низом.
 
Божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориладиган товарлар ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви жўнатувчи ҳамда манзил божхона постларида, шунингдек қабул қилиш-топшириш пунктларида устувор тартибда амалга оширилади.
 
Божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни амалга оширишда ташувчи, юк жўнатувчи ёки юк қабул қилувчининг сарфланган харажатлари божхона органлари томонидан қоплаб берилмайди.
 
Божхона ҳамроҳлигида кузатиб борилаётган транспорт воситалари ички ишлар органларининг блок постларида тўхталиши ҳамда товарларни кўриш учун автомобилнинг юк бўлмаси очилиши тақиқланади.
 
Чет эл товарларини ташиш жараёнида божхона тўловлари тўланишини таъминлаш ваколатли органлар томонидан электрон шаклда онлайн режимида амалга оширилади.
 
Божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш куннинг ёруғ вақтида, автотранспорт воситаси жўнатувчи божхона органига етиб келган пайтдан эътиборан 6 соатдан кечиктирмай бошланиши лозим.
 
Шунингдек Низомда қуйидагилар назарда тутилган:

  • божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни ташкиллаштириш;
  • божхона йиғимларини тўлаш тартиби;
  • божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни амалга оширувчи ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари.
Top