08:28 / 06.01.2021
2785
Мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат стандарти тасдиқланди 

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат стандарти тасдиқланди, деб ёзмоқда Norma.

Давлат стандартининг мақсади мактабгача таълим тизимини замонавий талабларга асосланган ҳолда ташкил этиш, болаларни соғлом ва ҳар томонлама етук қилиб вояга етказиш ҳисобланади. Унинг вазифалари қаторида таълим-тарбия жараёнига самарали таълим ва тарбия шакллари ҳамда усулларини жорий этиш ҳамда таълим-тарбия жараёнининг ҳажмига, мазмунига ва сифатига доир мажбурий минимум талабларни жорий этиш ва назоратини ташкил этиш ҳам бор.
 
Мактабгача таълим ва тарбия давлат стандартида қуйидагилар назарда тутилган:

  • давлат стандартининг мақсади ва асосий вазифалари;
  • мактабгача таълимнинг намунавий ўқув режаси;
  • давлат стандартини жорий этиш ва унинг талабларига риоя этилишини назорат қилиш;
  • давлат стандарти компонентлари, хусусан:

- илк ва мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйиладиган давлат талаблари;
- мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат ўқув дастури;
- давлат мактабгача таълим ташкилотларини ўйинлар тўплами, ўйинчоқлар, мебель, жиҳозлар ва бошқа техник, реабилитация воситалари билан жиҳозлаш нормалари.
 
Давлат стандартининг асосий принциплари қуйидагилар ҳисобланади:

  • тарбияланувчининг интилишлари, қобилияти ва қизиқишлари устуворлиги;
  • ҳар бир боланинг, шу жумладан жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган боланинг мактабгача таълим ва тарбия олишга бўлган ҳуқуқини амалга ошириш имкониятининг тенглиги;
  • давлат стандартининг таълим соҳасидаги давлат ва жамият талабларига мослиги;
  • мактабгача таълимнинг бошқа таълим турлари ва босқичлари билан узлуксизлиги ва таълим мазмунининг узвийлиги;
  • мактабгача таълим мазмунининг республикадаги барча ҳудудларда бирлиги ва яхлитлиги;
  • мактабгача таълимнинг мазмуни, шакли, воситалари ва усулларини танлашда инновация технологияларига асосланганлиги;
  • хорижий мамлакатларнинг таълим соҳасида тажрибасидан миллий хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда фойдаланиш.

Мактабгача таълим вазирлиги томонидан тизимдаги давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун марказлаштирилган ҳолда жиҳозларни харид қилиш бўйича комиссия таркиби ҳам тасдиқланди.

Top