12:32 / 11.01.2021
4846
«Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича вақтинчалик тартиб тасдиқланди

Вазирлар Маҳкамасининг «Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Қарор билан хотин-қизлар муаммоларини «Аёллар дафтари»ни юритиш орқали тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича вақтинчалик тартиб тасдиқланди.

Унга кўра, ҳар бир сектор кесимида маҳаллабай «Аёллар дафтари»га 30 ёшдан ошган ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар, боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд хотин-қизлар, ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар, уй-жойини таъмирлашга муҳтож I гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар, нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жойи мавжуд бўлмаган хотин-қизлар,  қарамоғида бир ёки ундан ортиқ I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган болалари мавжуд ёлғиз аёллар, тиббий ҳимояга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар,  ҳуқуқий ёрдам олишга муҳтож хотин-қизлар,  психологик маслаҳатга муҳтож хотин-қизлар киритилади.

«Аёллар дафтари» хотин-қизларнинг муаммолари, эҳтиёжлари ва қизиқишлари ҳар ярим йил биринчи ойининг дастлабки 15 кунида уйма-уй юриб ўрганилган ҳолда юритилади. Унга кўра, хотин-қизларнинг муаммолари анкета-сўровнома орқали аниқланиб, аниқланган муаммолар 3 кундан ошмаган муддатда хотин-қизларнинг шахсий индивидуал анкеталарига киритилади.

Шунга кўра, 1 кун муддатда индивидуал анкеталар кўриб чиқилади. Шундан кейин 3 кундан ошмаган муддатда анкета маълумотлари идора ва ташкилотларнинг маълумотлари билан солиштирилади ҳамда аёлларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтожлик даражаси аниқланади.

«Аёллар дафтари»га киритиладиган хотин-қизларнинг рўйхатлари ҳамда уларнинг муаммоларини бартараф этишга қаратилган «Йўл харитаси» лойиҳаси 7 кундан ошмаган муддатда Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашига киритилади.

Тасдиқланган рўйхатлар 3 кундан ошмаган муддатда Маҳалла ягона ахборот тизими дастурига киритилиб, шу асосда вақтинчалик тартибда белгиланган хизматлар кўрсатилади.

Қарорга кўра, «Аёллар дафтари»га киритилган ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваригача (33 млн 450 минг сўм) миқдорда кредитлар ажратилади.

Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши томонидан тасдиқланган рўйхатлар асосида «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан тўрт бараваригача (446 минг сўмдан 892 минг сўмгача) миқдорда бир марталик моддий ёрдам берилиши мумкин.

Бир марталик ёрдам олган хотин-қизлар «Аёллар дафтари»дан чиқарилмаган ёки бир йил ичида қайта киритилган ҳолларда бир марталик моддий ёрдам бир календар йили давомида бир маротаба берилади.

Секторлар раҳбарлари ҳамда туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг хулосаси асосида «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларга турар жой ижара компенсацияси тўлаб берилади.

Турар жой ижараси тўғрисидаги шартнома 2021 йил 31 декабрга қадар бўлган муддатга тузилиб, тўловлар ижарага берувчига тўғридан тўғри тўланади.

«Аёллар дафтари»га икки ва ундан ортиқ ортиқ масалаларини ҳал этиш учун киритилган хотин-қизларнинг барча масалалари тўлиқ ҳал этилгач, дафтардан чиқарилади.

Top