11 январ куни Туркия мудофаа саноати котибияти раҳбари Исмоил Демир Россиянинг С-400 зенит-ракета тизимлари фойдаланишга тайёр ҳолга келтирилганини маълум қилганди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Анқара январ охирида Москва билан С-400 зенит-ракета тизимининг иккинчи полкини олиш масаласини муҳокама қилишини айтди.
"С-400 тизимининг биринчи полкини етказиб бериш бўйича ишларни якунладик, ҳозирда Россия билан иккинчи полк бўйича мулоқотимиз давом этмоқда. Январ охирида бу мавзуда музокаралар бўлиб ўтади", - деди у.
Эрдўған шунингдек, АҚШнинг бешинчи авлод F-35 қирувчи самолётлари борасида Туркияга нисбатан ёндашувини хато деб атади. У сайланган президент Жозеф Байден маъмурияти бу хатони тўғрилашига умид билдирди.
11 январ куни Туркия мудофаа саноати котибияти раҳбари Исмоил Демир Россиянинг С-400 зенит-ракета тизимлари фойдаланишга тайёр ҳолга келтирилганини маълум қилганди.
Туркия ва АҚШ ўртасидаги муносабатларда совуқчилик тушишига сабаб бўлган С-400 тизимлари Туркияга 2019 йил июлдан бошлаб етказилганди.
Вашингтон Анқарага ушбу битимдан воз кечишни ва Туркияга F-35 қирувчи самолётлари сотишни бекор қилиш ва санкциялар киритиш билан таҳдид қилиб, С-400 ўрнига АҚШнинг Patriot мажмуаларини сотиб олишни таклиф қилганди.