Президент Шавкат Мирзиёев Юнусобод туманидаги «Янгибоғ» маҳалла фуқаролар йиғинида бўлди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Қайд этилишича, бу ерда 7 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. 2 мингдан зиёд оила мавжуд. Янги қурилган маҳалла гузари биносида кенг шароитлар яратилган.
Шу ерда Юнусобод туманидаги маҳаллалар фаоллари билан мулоқот бўлди.
– Маҳалла раиси – Президентнинг қуйи бўғиндаги устуни. Маҳалланинг иқтисодиётини ўзгартирсак, жамиятимиз ўзгаради. Бунинг учун ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастуридан самарали фойдаланиш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Кўп қаватли уйларга сифатли хизмат кўрсатувчи бошқарув компаниялари ташкил этиш, ички йўлларни таъмирлаш, маиший хизматларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.