20:18 / 15.01.2021
2109
Сенатга маҳаллий кенгашлар қарорларини бекор қилиш ваколати берилди

Эндиликда Сенат халқ депутатлари кенгашларининг қарорларини бекор қилиш масаласини кўриб чиқиши мумкин. Бу Ўзбекистон президенти томонидан имзоланган қонунда акс этган.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Қонунга киритилаётган қўшимчага кўра, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашларининг Конституция ва қонунларга, президент фармонлари, қарорлари ва фармойишларига зид келадиган қарорларини бекор қилиш тўғрисидаги масала жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг маълумотлари асосида Сенат томонидан қўмиталарнинг ташаббусига кўра 15 кун ичида кўриб чиқилади.

Маҳаллий кенгашларнинг қарорларини бекор қилиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш якунлари бўйича Сенат қарор қабул қилади.

Сенатнинг маҳаллий кенгаш қарорини бекор қилиш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан эътиборан 5 кун ичида тегишли халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашига ижро этиш учун юборилади.

Шунингдек, қонун билан Сенатга Давлат бюджети ижроси устидан назоратни амалга ошириш ваколати берилмоқда ҳамда Молия вазирлиги Сенатга Давлат бюджети ижросининг бориши тўғрисидаги ахборотни ва зарур материалларни ҳар чоракда юбориши белгиланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ҳисоботларини Сенат томонидан эшитиш тартиби белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, Сенат Раиси Танзила Норбоева Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисида юқоридаги Қонунни кўриб чиқиш жараёнида маҳаллий кенгашлар қарорини Сенат томонидан бекор қилиш тартиби ҳақида гапирганди.

«Бунда асосий эътибор маҳаллий кенгашларнинг қонунчиликка мос келмайдиган қарорларини нафақат бекор қилишга, балки бундай қарорлар сонини камайтириш ва имкон қадар қабул қилинишининг олдини олишга қаратилади», дея таъкидлаганди у.

Top