00:49 / 16.01.2021
16352
Президент: Юнусободда 2 минг ишсиз бор дейишди, бу ёлғон. Камида 20 минг ишсиз бор

Президент Шавкат Мирзиёев 15 январ куни Юнусобод тумани фаоллари билан мулоқотда тумандаги ишсизлик масаласига тўхталди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Менга Юнусободда 2 минг киши ишсиз, деб кўрсатишди. Бу нотўғри! Туманда камида 20 минг ишсиз бор.

Мана, туманга янги ҳоким қўйдик. Жаҳонгир Иброҳимов Сирдарёда, Бектемир туманида тажриба орттирган.

Энди ҳоким халқ ичида юриши керак, кабинетда эмас, маҳаллаларда юриб масалаларни ҳал қилади. Солиқ, банк ходимлари ҳам маҳаллаларга бориб, ўзларининг режаларини билдиришади. Тадбиркорлар билан гаплашади, уларга ёрдам бериб, янги иш ўринлари яратишларига кўмаклашишади. Ана шу ишларни кўнгилдагидек бажарганлари ишда қолади, бўлмаса хайрлашамиз», – деди Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилишича, Юнусободда 362 минг аҳоли яшайди. Туманда умумий қиймати 14,4 триллион сўмлик 141та йирик ва ўрта инвестиция лойиҳаси шакллантирилган.

Лойиҳалар асосида 936 миллион доллар тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириб, қарийб 8 мингта янги иш ўрни яратиш мақсад қилинган.

Ишсиз аҳолини тадбиркорликка жалб этиш мақсадида Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан 1 миллиард сўм субсидия ажратилиб, тумандаги 260 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланади. Меҳнат органлари йўлланмаси асосида 600 нафардан зиёд ишсиз касб-ҳунарга ўқитилади.

  • 2018 йилдан буён Юнусобод тумани ҳокими лавозимида ишлаган Раҳмонбек Усмонов транспорт вазири ўринбосари лавозимига ўтказилди. Унинг ўрнига Бектемир тумани ҳокими вазифасида ишлаб келган Жаҳонгир Иброҳимов тайинланди.
Top