20:07 / 19.01.2021
11594
«Ўз вақтида шийпонниям мактаб деб кўрсатишди» – президент мактаблар учун қўшимча маблағ ажратилишини маълум қилди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилиш давомида Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев вилоятда 100дан ортиқ мактаб филиаллари мавжудлиги, улардан 78таси пахсадан қурилгани ҳақида билдирган. Президент бу борадаги муаммолар ҳал қилиниши учун зарур маблағлар ажратилишини маълум қилган.

«Айрим «ақллилар» ўз вақтида уч хонали уйниям, шийпонниям мактаб деб кўрсатишди. Лекин шунга йўл қўйганлар ўзларининг фарзандларини, набираларини бунақа мактабга ҳеч қачон бермайди.

Буларнинг ҳаммасини жойига қўйишимиз керак. Ҳар йили 200 млрд сўм бюджетдан ташқари маблағ ажратсак, бу ишлар юришади. Шахсан вилоят ҳокимининг ўзи бу ишлар билан шуғулланади», дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шавкат Мирзиёев ҳозирги пайтда маънавият тарғиботи билан ўнлаб ташкилотлар шуғулланаётгани, лекин уларнинг фаолияти мувофиқлаштирилмагани туфайли бир-бирини такрорлаш ҳолатлари кузатилаётганини қайд этиб ўтган.

«Маълумки, ҳозирги пайтда маънавият тарғиботи билан оила, маҳалла, таълим муассасалари, Маънавият маркази, умуман, ўнлаб ташкилотлар шуғулланмоқда. Лекин уларнинг фаолияти аниқ координация қилинмагани, ягона тизимга бирлашмагани сабабли бир-бирини такрорлаш ҳолатлари кузатилмоқда.

Бундан буён Республика Маънавият ва маърифат маркази барча ҳудудий кенгашларнинг, вазирлик, идора ва ташкилотларнинг маънавий-маърифий фаолиятини мувофиқлаштириб боради.

Марказ барча вазирлик, идора ва ташкилотларнинг бу борадаги ишларини координация қилиш, соҳани ривожлантириш бўйича бош муассаса бўлади», деган президент. 

Top