21:08 / 20.01.2021
9546
Ўзбекистондаги икки йирик кон учун солиқ ставкалари нега камайтирилди? Молия вазирлиги муносабат билдирди

«Навоий кон-металлургия комбинати» ДК ва «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖга ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси олтин, палладий, кумуш ва мис бўйича 5 фоизга камайтирилди. Бунинг сабаби нимада эди?

Фото: LiveJournal

2020 йил 30 декабрда имзоланган президент қарорининг 10-бандига мувофиқ, «Навоий кон-металлургия комбинати» ДК ва «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖга ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси олтин, палладий, кумуш ва мис бўйича 15 фоиз миқдорида белгиланди. Ушбу солиқ ўтган йили мос равишда 20 фоизни ташкил этганди.

Молия вазирлигининг Kun.uz’га маълум қилишича, амалдаги Солиқ кодексида олтин, палладий, кумуш ва мис бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси бошқа корхоналарга 10 фоиз миқдорида жорий этилган. Икки комбинат учун солиқ ставкасининг туширилишидан мақсад мазкур корхоналардаги солиқ миқдорини босқичма-босқич тенглаштиришдан иборат. Яъни 2021 йилда «Навоий кон-металлургия комбинати» ДК ва «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖга 2020 йилга нисбатан 5 фоизга камайтирилган ҳолда солиқ ставкаси белгиланди.

Маълум қилинишича, барча хўжалик юритувчи субъектлар учун 2018 йилгача олтин бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун 5 фоиз миқдорда солиқ ставкаси белгиланган. 2018 йилда эса бу миқдор 32, 2019 йилда 25, 2020 йилда янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг қабул қилиниши билан 10 фоизни ташкил этган. Ушбу ҳужжат билан «Навоий кон-металлургия комбинати» ДК ва «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ учун ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 20 фоиз этиб белгиланган.

Шу билан бирга, бу икки корхонанинг фаолияти юзасидан олган даромадлари 75 фоизли ставкада фойда солиғига тортилади. Яъни, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкасини 5 фоизга камайган солиқ суммасининг 75 фоизи фойда солиғи ва қолган қисми дивиденд солиғи орқали давлат бюджетига тушиши таъминланади.

Манбага кўра, Ўзбекистон президентининг 2021 йилдаги давлат бюджетига оид қарори 10-бандига мувофиқ рентабеллик даражасидан келиб чиқиб, «Навоий кон-металлургия комбинати» ДК ва «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ учун фойда солиғи ставкалари солиқ солиш базасининг, товар (иш, хизмат) реализация қилишдан тушган тушумнинг 15 фоизига тенг миқдоридаги қисмига 15 фоиз, солиқ солиш базасининг қолган қисмига нисбатан 75 фоиз миқдорида солиқ солиниши белгиланган.    

Солиқ кодексининг 452-моддасида асл, рангли, ноёб ва радиоактив металларни қазиб олишни амалга оширувчи алоҳида солиқ тўловчилар учун Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан оширилган солиқ ставкалари белгиланиши мумкин.

Top