08:12 / 21.01.2021
7116
Байден АҚШни ЖССТ ва иқлим бўйича келишувга қайтарди
Фото: Reuters

АҚШнинг янги президенти Жо Байден ўз лавозимини бажаришга киришиши биланоқ АҚШни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига ва Иқлим бўйича Париж келишувига қайтарувчи фармонларни имзолади

Таъкидланишича, АҚШнинг иқлим бўйича келишувга қайтиши бир ойга яқин вақт олади. Ҳужжат дастлаб БМТга тақдим қилинади, сўнгра 30 кундан кейин АҚШ келишувнинг бир қисмига айланади.

Собиқ президент Дональд Трамп 2017 йилда АҚШнинг келишувдан чиқишини эълон қилганди. Бу қарор халқаро ҳамжамият томонидан танқидга учраган. Келишув 2025 йилгача АҚШга иссиқхона газларининг атроф-муҳитга чиқарилиши ҳажмини 2005 йилдаги даражага нисбатан 26-28 фоиз қисқартириш мажбуриятини қўйган.

Трамп ушбу келишувни АҚШ учун бефойда деб топган. Унинг фикрича, келишув АҚШга бошқа давлатлар, жумладан Хитойга қараганда қатъийроқ чекловлар қўйган.  

Шунингдек, Байден АҚШни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига қайтариш бўйича фармонни имзолади. Агар Байден буни қилмаганда, Вашингтон ташкилотни 2021 йил 6 июлда тарк этган бўларди.  

Байденнинг ўз инаугурациясигача эълон қилган баёнотида унинг маъмурияти ЖССТ ва АҚШнинг бошқа ҳамкорлари билан ЖССТни ислоҳ қилиш ва мустаҳкамлаш бўйича ишлаши айтилганди.

Трамп маъмуриятида ЖССТ коронавируснинг пайдо бўлиши ҳақидаги ахборотни яширишда айблаб келинган. Шу сабабли 2020 йил апрелда собиқ президент ЖССТнинг вируснинг авж олишига номақбул жавоб бериши билан боғлиқ тергов ўтказилгунгача АҚШнинг ЖССТдаги фаолиятини тўхтатиб туришга қарор қилганди.

Бундан ташқари, Байден президентлигининг илк куни яна бир қатор фармонларни имзолади:

  • Мексика билан чегарадаги вазият сабабли киритилган фавқулодда вазият режимини бекор қилиш;
  • бир қатор мусулмон давлатлари фуқароларининг АҚШга киришига тақиқловнинг бекор қилиниши;
  • Канада билан Keystone XL нефт қувури қурилишини тўхтатиш;
  • юз ниқоби тақиш режимини киритиш. 

Бундан ташқари, Байден 20 январни Миллий бирдамлик куни деб эълон қилди. 

“Бугун биз сайловлардан кейин демократиянинг тантанасини нишонламоқдамиз. Ушбу сайловлар давомида тарихимизда ҳар қачонгидан кўра кўпроқ америкалик овоз берди ва унинг натижаларига кўра халқ истаги эшитилди ва амалга оширилди”, деб айтилган тегишли ҳужжатда.

Top