09:36 / 21.01.2021
17998
Коронавируснинг супертарқатувчиси Хитойда вируснинг авж олишига сабабчи бўлди
Фото: Reuters

Хитойнинг Цзилин провинциясида инфекциянинг супертарқатувчиси сабабли коронавируснинг авж олиши қайд қилинди. The Global Times нашрининг хабар беришича, ушбу супертарқатувчи бир неча кун давомида 100дан кўпроқ кишига инфекцияни юқтирган.

Ўтган ҳафта Цзилинда коронавирусга чалиниш бўйича битта-иккита ҳолат қайд қилиниб келинган. Бироқ 17 январга келиб у ерда 10та ҳолат, 18 январда эса уч марта кўпроқ – 30та ҳолат қайд қилинган.

Аниқланишича, вируснинг авж олишига кексалар учун саломатлик товарларини илгари сурган эркак сабабчи бўлган. У ўзи билмаган ҳолда бир неча кун давомида вирус тарқатиб юрган ва 100дан кўпроқ кишини зарарлаган. 

Эркак Цзилинга Хэйлунцзян провинциясидан келган. Мутасадди идоралар эркакнинг вирус аниқланишидан олдин бир ҳафта ичида босиб ўтган йўлини тузиб чиқишган. Унга кўра, эркак 4 марта поездда, 3 марта автобусда ва бир марта метрода юрган.

Супертарқатувчи Цзилинда кексалар учун саломатлик клубларида 4 кун ичида “саломатлик бўйича” 4 та семинар ўтказган. У умумий ҳисобда семинарларга келган 79 кишига вирусни юқтирган. Бу одамлар ўз навбатида яна 23 нафар яқин кишисини зарарлаган. Касалланганларнинг ўртача ёши 63ни ташкил қилиб, улардан энг ёши улуғи 87 ёш бўлган. 

Хитойда охирги суткада 118та янги касалланиш ҳолати қайд этилди. Улардан 43таси Цзилинга тўғри келган. Шунингдек, пойтахт Пекин, Хэбэй ва Хэйлунцзян провинцияларида ҳам вирус тарқалиши ўчоқлари қайд қилинган. Шу билан бирга, Пекинда илк бор коронавируснинг “британча штамми” аниқланган.

Мутасадди шахсларнинг таъкидлашича, Хитойда вирус тарқалишига хориждан келаётганлар ва хориждан импорт қилинувчи музлатилган маҳсулотлар бош сабаб ҳисобланади.

Top