14:19 / 21.01.2021
4077
Пандемия даврида картошка ва ўсимлик мойи билан боғлиқ муаммолар юзага келди - қишлоқ хўжалиги вазири 

Ўзбекистонда пандемия туфайли энг зарурий маҳсулотлар ва озиқ-овқат маҳсулотларининг етказиб берилишидаги узилишлар ўзбек фермерлари ва истеъмолчиларининг айрим қишлоқ хўжалик маҳсулотларидан фойдаланишига таъсир кўрсатди. Бу ҳақда қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев айтиб ўтди.

Вазирнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги бўйича XIII глобал форумдаги чиқишида айтган гаплари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати томонидан эълон қилинди.

“Ўзбекистонда пандемия туфайли энг зарурий маҳсулотлар ва озиқ-овқат маҳсулотларининг етказиб берилишидаги узилишлар ўзбек фермерлари ва истеъмолчиларининг айрим қишлоқ хўжалик маҳсулотларидан фойдаланишига таъсир кўрсатди, масалан, картошка ва ўсимлик мойи билан боғлиқ муаммолар юзага келди, шу сабабли келгусида импортдан мустақил бўлиш учун картошка ва мойли ўсимликларни жойлаштириш ҳажмларини қайта кўриб чиқмоқдамиз”, - дея ўз чиқишида таъкидлаб ўтган Жамшид Хўжаев. 

Унинг маълум қилишича, пандемия даврида аҳолининг заиф қатламларини ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш бўйича бир қатор янги ташаббуслар жорий этилди ва йўқотилган даромадларни қисман қоплаш учун мавжуд қўллаб-қувватлаш дастурлари кенгайтирилди. 

“Ўз вақтида кўрилган чоралар истеъмол нархларини барқарорлаштиришга, биринчи навбатда миллий стратегик озиқ-овқат захираси ҳисобига, шунингдек, чегаралардаги “яшил йўлакларни” такомиллаштиришга ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдогарлари учун маъмурий процедураларни соддалаштиришга қаратилган эди. Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари импортининг баъзи тарифлари пасайтирилди ва тегишли қишлоқ хўжалиги кредитларини тўлаш учун "тўлов таътиллари" жорий этилди”, - деди Жамшид Хўжаев.

Қишлоқ хўжалиги вазири қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари тизимларини босқичма-босқич янгилашни қўллаб-қувватлаш, бу соҳада таълим ва касбий тайёргарлик салоҳиятини кенгайтириш, шунингдек, келажакда фермерлар ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига ўз бизнесини муваффақиятли ривожлантиришга имкон берадиган самарали маслаҳат тармоғини яратиш учун катта маблағлар ажратган мамлакат ҳукуматининг саъй-ҳаракатларини алоҳида таъкидлаб ўтди, дейилади вазирлик маълумотида. 

Top