08:53 / 21.01.2021
5293
Хитой Трамп маъмурияти аъзоларига қарши санкциялар киритди
Фото: UBR

Хитой ҳукумати АҚШнинг 45-президенти Дональд Трамп маъмуриятининг бир қатор вакилларига қарши санкциялар киритди.

Хитой ташқи ишлар вазирлигида маълум қилинишича, санкциялар рўйхатига АҚШ давлат котиби Майк Помпео ҳам киритилган.

Хитой баёнотида таъкидланишича, рўйхатга киритилган америкалик сиёсатчилар “Хитой халқини ҳақорат қилган ва Хитой-АҚШ муносабатларига жиддий путур етказган”.

“Пекин Хитой суверенитетини жиддий бузган ва АҚШнинг Хитой билан боғлиқ масалалар бўйича ҳаракатларига жавобгар 28 кишига қарши санкциялар киритишга қарор қилди”, дейилган Пекин баёнотида.  

Санкциялар рўйхатига Помпеодан ташқари қуйидаги шахслар ҳам киритилган: Питер Наварро, Роберт О'Брайен, Дэвид Стилуэлл, Мэтю Поттинжер, Алекс Азар, Келли Крафт, Жон Болтон ва Стивен Бэннон.

Таъкидланишича, ушбу шахслар ва уларнинг яқин қариндошларига Хитой, Ҳонгконг ва Макаога кириш ҳамда улар билан боғлиқ компаниялар ва муассасаларга Хитой билан иш юритиш тақиқланади.

Аввалроқ Майк Помпео Хитойни уйғурлар геноцидида айблаганди.

Top