11:04 / 25.01.2021
7239
Тошкентда янги тиббиёт маркази қурилмоқда. Лойиҳага 8 гектар ер майдони ажратилган

Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида 8,1 гектарлик замонавий, талабларга тўла жавоб берадиган кўп тармоқли клиника қурилмоқда. 

Фото: KUN.UZ

Жорий йил 20 январь куни Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматовнинг кўрсатмаси билан Мирзо Улуғбек туманида қурилаётган Кўп тармоқли тиббиёт марказига пресс-тур ташкил этилди.

Аҳолига ўз вақтида ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатишни таъминлаш мақсадида барпо этилаётган ушбу кўп тармоқли клиниканинг лойиҳалаштириш ишлари «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ҳамда Россиянинг «Урал кон-металлургия компанияси» томонидан амалга оширилди.

2017 йилнинг 12 декабрь куни «Кўп функцияли тиббиёт маркази» МЧЖ ҚК ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ капитал қурилиш дирекцияси ўртасида лойиҳа бўйича барча комплекс чора-тадбирлар юзасидан битим имзоланди. 2018 йил март ойида ўтказилган тендер жараёни натижалари бўйича  лойиҳавий ечимларни маҳаллий норматив ҳужжатларга мослаштириш ва давлат экспертизасидан ўтказиш «ToshuyjoyLITI» АЖ компаниясига топширилган. 

Лойиҳанинг технологик жиҳатлари учун дунёнинг кўплаб мамлакатларида юқори технологик тиббиёт муассасаларини муваффақиятли татбиқ этиш тажрибасига эга бўлган «KBV GmbH&Co.KG» ихтисослашган немис компанияси жалб қилинган.

Янги тиббиёт муассасасида ходимларни узоқ муддатли иш билан таъминлаш бўйича тадбирлар режасини амалга ошириш бошлаб юборилди. Жумладан, Германия ва Россиядаги хорижий клиникалар, тиббиёт марказларида тиббиёт ходимлари учун ўқув дастури ишлаб чиқилган бўлиб, 32 турдаги мутахассисликлар бўйича шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимлари, нодавлат тиббиёт ходимларини қайта тайёрлаш режалаштирилган. 

Германиянинг бешта тиббиёт маркази узоқ муддатли икки томонлама ҳамкорликка тайёрлигини билдирди. Бу орқали тиббиёт ходимлари ўртасида сифатли тажриба алмашиш мақсадида меморандум имзоланган. Ҳамкорлик доирасида кардиология, кардиожарроҳлик, интервенцион ангио-кардиология, неврология, эндоскопия, онкология, виссерал жарроҳлик, умуртқа жарроҳлиги, ортопедия, реабилитация ва бошқа шу каби соҳаларда юқори малакали тиббиёт мутахассисларини тайёрлаш мақсад қилинган.

Top